Самарқанд давлат университетида Туркиялик ҳамкорлар билан “Султон Йилдирим Боязид ва Амир Темур” халқаро симпозиуми ўтказилади...
Самарқанд давлат университети, Анқаранинг Боязид Йилдирим, Бурсанинг Улудағ университетлари ҳамкорлигида 2022 йил 17-26 октябрь кунлари “Султон Йилдирим Боязид ва Амир Темур” мавзусида халқаро симпозиум ўтказилади. Анжуманнинг ташкилий гуруҳи Самарқандда бўлиб турибди. Симпозиумнинг ташкилотчи аъзолари халқаро анжуманнинг ташкилий масалалари, асосий мақсад ва вазифалари бўйича Самарқанд давлат университети Ахборот хизматига маълумот берди.
Туба Томбулоғлу, Туркиянинг Мерсин университети доценти, “Султон Йилдирим Боязид ва Амир Темур” халқаро симпозиум ташкилий қўмитаси аъзоси:
-“Султон Йилдирим Боязид ва Амир Темур” халқаро конференцияси 17-26 октябрь кунлари Ўзбекистон ва Туркияда икки буюк ҳукмдор Соҳибқирон Амир Темур ва Султон Йилдирим Боязид даврлари тарихини янгича қарашда ўрганиш, Ўзбекистон-Туркия алоқаларни янада кенг йўлга қўйиш, бу борада тарихий алоқаларга эътибор қаратиш мақсадида ўтказилаётган нуфузлихалқаро анжумандир.
Мазкур халқаро симпозиум ташкилотчилари Анқара Йилдирим Боязид университети, Бурса Улудағ университети, Самарқанд давлат университети, Имом Бухорий, Имом Мотурудий халқаро тадқиқот институтлари, Самарқанд давлат университетининг Туркология илмий тадқиқот институти, Ўзбекистон мусулмонлар идораси, Турк тарих жамияти ва бошқа бир қатор илмий тадқиқот институтлар ҳисобланади.
Ушбу конференция Самарқанд, Бурса ва Анқара шаҳарлари тарихини Султон Йилдирим Боязид ва Амир Темур атрофида марказлаштирган ҳолда Туркия ва Ўзбекистонда ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришни мақсад қилган.
Амир Темур ва Султон Йилдирим Боязид билан боғлиқ тарихий воқеалар ўрганилар экан, бу икки буюк шахслар бир-бирига қарама-қарши қўйиб келинди. Натижада бу борада салбий қараш шаклланди. Ҳолбуки, Амир Темур ва Султон Йилдирим Боязид бир-бирига қарши ҳукмдорлар сифатида эмас, илм-фан, санъат, адабиёт, меъморчилик ва маданият соҳаларида юксак цивилизацион алоқаларни ўрнатган тарихий шахслар сифатида бугунги Туркия-Ўзбекистон алоқаларининг шаклланишида алоҳида ўрин тутади.
“Султон Йилдирим Боязид ва Амир Темур” халқаро конференцияси, аввало, икки қардош давлат Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга ҳисса қўшиш, тарих, адабиёт, санъат, маданият, иқтисодиёт ва фалсафа соҳаларида ҳамкорликни ошириш мақсадларини кўзда тутади.
Симпозиум туфайли Туркия ва Ўзбекистон ўртасида яқин алоқалар ва ҳамкорлик тарихи тадқиқ этилади. Унинг бизга маълум ва номаълум томонлари кенг жамоатчиликка тақдим қилинади. Бу биринчи навбатда икки қардош давлат Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилса, иккинчи томондан, тарих, адабиёт, санъат, иқтисодиёт, фалсафа ва диний илмлар тарихи соҳаларида ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни оширишга ёрдам беради. Анжуман сўнгида иштирокчилар маърузаларини чоп этиш ва илм-фан оламига тақдим этиш ҳам режалаштирилган.
Али Асқархон Қосимов, Анқара Йилдирим Боязид университети катта илмий ходими, Исломий илмлар қўлланма ва тадқиқотлар маркази директори ўринбосари:
-Ҳар бир давр тарихи ўрганилар экан, мавжуд хронологияларда асосан урушлар акс этади. Амир Темур ва Йилдирим Боязид ўртасидаги муносабатлар ўрганилаётганда ҳам аксарият ҳолларда маданий алоқалар, тараққиётлараро алмашинув тушунчалари четда қолади.
Бугунги сиёсий мувозанат шароитида Ўзбекистон-Туркия муносабатларини самарали йўлга қўйишда бундай тарих ҳақиқатларини тиклаш, янада чуқур ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.
“Султон Йилдирим Боязид ва Амир Темур” халқаро анжумани Анқара Йилдирим Боязид университети ташаббуси билан ташкил этилмоқда. Жорий йилнинг май ойида симпозиум ташкилий қўмита аъзоларидан иборат бир гуруҳ вакиллар билан анжуманни ташкил этишда Ўзбекистонда ҳамкор бўла оладиган университетлар билан келишиш мақсадида Ўзбекистонга келдик ва Самарқанд давлат университети, Ипак йўли туризм университети, Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ва бошқа кўплаб тадқиқот институтлари вакиллари билан учрашдик. Олиб борилган музокаралар натижасида Самарқанд давлат университети асосий ҳамкор сифатида танланди.
Анжуман Ўзбекистоннинг Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган бўлса, давомий қисми Туркиянинг учта шаҳри Бурса, Истанбул ва Анқара шаҳарларида бўлиб ўтади.
Анқара Йилдирим Боязид университетининг Самарқанд давлат университети билан ҳамкорлиги 2020 йилдан бошланган. Айни шу йилда Анқара Йилдирим Боязид университети ректори Иброҳим Айдинлининг Ўзбекистонга биринчи сафари чоғида Ўзбекистоннинг 8 университети билан ҳамкорлик ўрнатилган. Самарқанд давлат университети уларнинг асосийси ҳисобланади.
Ўтган давр ичида СамДУ билан ҳамкорликда жуда кўп лойиҳалар амалга оширилди, илмий анжуманлар ташкил қилинди. 2021 йилда Самарқанд университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов бошчилигидаги делегация Анқара Йилдирим Боязид университетида бўлди. Ушбу ташриф давомида Анқара Йилдирим Боязид университетида барпо этилган “Ўзбекистон хотира ўрмони” га бир қатор ниҳоллар экилди...
Анқара Йилдирим Боязид университети Самарқанд давлат университети билан алоқаларни келажакда ҳам самарали давом эттиришни мақсад қилган. Бир фикрни айтиб ўтишим жоизки, Йилдирим Боязид университети Амир Темур ва Йилдирим Боязид ўртасидаги Анқара жанги бўлиб ўтган ҳудудда бино қилинган. Университетга Йилдирим Боязид номи берилишидан сабаб ҳам шу.
Университет атрофидаги ҳудудлар тарихий ҳудуд бўлгани учун яқинда Анқара Йилдирим Боязид университети доктори Сиддик Чалик бошчилигида тарих факультети жамоатчилиги бу жойларда қазишма ишларини олиб боришга патент қўлга киритди. Эндиликда қарийб 2 миллион квадрат метр майдонда археологик қазишма ишларини олиб бориш режалаштирилмоқда. Ушбу қазишма ишлари натижасида агар Ўзбекистон тарихига оид намуналар топиладиган бўлса, Самарқанд давлат университети вакиллари билан биргаликда ўрганиш бўйича келишувга эришиш ҳам мақсад қилинган.
Симпозиум ташкилий гуруҳ аъзолари: Анқара Йилдирим Боязид университети доктори Сиддик Чалик, Мерсин университети доценти Туба Томбулоғлу билан анжуманнинг олий даражада ўтишини таъминлаш мақсадида тайёргарлик кўрмоқдамиз.
Режага кўра, 14 октябрь куни симпозиумнинг асосий иштирокчилари Бухорога етиб келади. Шундан кейин анжуман Бухородаги фаолиятини бошлайди. Бунда Бухоронинг тарихий обидаларини томоша қилиш, диний илмлар тарихига оид манбаларни ўрганиш режага киритилган. 17-18 октябрь кунлари анжуманнинг очилиш маросими ва асосий тадбирлари Самарқандда ўтказилади. 20 октябрда иштирокчилар Тошкентда Амир Темур музейида бўладилар. 22-26 октябрь кунлари симпозиум Туркияда давом этади. Анжуманнинг ушбу қисмида Ўзбекистондан 15 нафар вакил иштирок этиши белгиланган.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова ёзиб олди.
Шавкат Акрамов олган суратлар.