26 март куни бутун дунёда экологик муаммоларга эътиборни жалб қилиш мақсадида "Ер вақти (куни)" нишонланади. Ушбу сана доирасида юртимизда ҳам экологик онг ва атроф-муҳит муҳофазасига бағишланган турли акциялар ўтказилмоқда.

    Хусусан, "Сайёрамиз соати" республика акцияси доирасида Самарқанд давлат университетида ҳам экологик тадбир ташкил этилди. СамДУ ҳудудида 1 соат давомида электр энергия истеъмоли вақтинча тўхтатилди. Бу тадбир глобал иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва энергия тежашга бўлган эътиборни ошириш мақсадида амалга оширилди.

    -"Сайёрамиз соати" акцияси дунё бўйлаб ҳар йили нишонланади. Бу кун глобал ҳамжамиятни экологик муаммолар ҳақида ўйлашга ва табиатни асраш учун реал ҳаракат қилишга ундайди, - дейди СамДУ Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори, профессор Субхон Аббосов. - Самарқанд давлат университети талабалари ва профессор-ўқитувчилари ушбу акцияда фаол иштирок этиб, экологик муҳофаза масалаларига бўлган эътиборини намойиш этдилар. Тадбир давомида электр энергиясидан фойдаланишни қисқартириш орқали атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва барқарор ривожланишга ҳисса қўшиш масалалари муҳокама қилинди. Университет раҳбарияти ва иштирокчилар томонидан келгусида экологик акцияларни янада кенгроқ миқёсда ўтказиш таклифлари билдирилди. "Сайёрамиз соати" акцияси – бу фақатгина бир соатга чироқларни ўчириш эмас, балки атроф-муҳитни асрашга бўлган жамоавий масъулиятимизни англаш ва бу йўлда ҳаракат қилишга чақириқдир.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.