Самарқанд давлат университети филология факултети ўзбек тили ва адабиёти кафедраси томонидан 4-курс талабалари иштирокида "Баҳор миллий қўшиқлар байрами" тадбири ташкил этилди. Тадбир "Халқ оғзаки ижоди намуналарини ўрганиш методикаси" (Танлов фан) фанига бағишланиб, "Ўзбек халқ қўшиқларини ўрганишнинг методик асослари. Меҳнат ва маросим қўшиқлари, уларнинг турлари" мавзусида бўлиб ўтди. Бу тадбир талабалар учун халқ қўшиқларининг аҳамиятини чуқурроқ англаш ва миллий меросимизни ўрганиш имкониятини берди.
    Мазкур тадбир миллий маданиятимиз ва халқ оғзаки ижодининг бебаҳо намуналарини ўрганиш, тарғиб қилиш ҳамда ёшларнинг анъанавий санъатга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида ташкил этилди. Тадбир давомида ўзбек халқининг бой маданий меросини ифода этувчи қўшиқлар куйланди.
Тадбирда халқ оғзаки ижоди намуналаридан "Суст хотин", "Бойчечак", "Ёр-ёр", "Келин салом" каби миллий қўшиқлар ижро этилди. Бу қўшиқлар ўзбек халқининг турмуш тарзини, урф-одатларини ва анъаналарини акс эттириб, ўзига хос бадиий образ яратади.
    Тадбир давомида талабаларнинг халқ қўшиқларини ўрганиш борасидаги билим ва кўникмалари намоён бўлди. Шу билан бирга, уларнинг ижодий маҳорати ва миллий санъатга бўлган муҳаббати ошди. Тадбир иштирокчилари миллий қўшиқларимизни ўрганиш ва тарғиб қилиш муҳим эканлигини таъкидлаб, бундай тадбирларнинг келгусида ҳам давом эттирилишини исташди. Ушбу фандан талабаларга ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси Моҳина Аҳророва дарс ўтиб келмоқда.