Самарқанд давлат университетида Хитой билан ҳамкорликда қўшма лаборатория ташкил этилади…

Самарқанд давлат университетига Хитой Халқ Республикасининг Сиан нефт университети проректори Чжан Жунтсзюн бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Учрашув томонлар ўртасидаги илмий ва академик ҳамкорликни ривожлантириш, талаба ва ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ташкил этилди.
Учрашув давомида томонлар Самарқанд давлат университети ва Сиан нефт университети талабалари ҳамда профессор-ўқитувчилари ўртасида алмашинув дастурларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Бу эса икки университет ўртасида таълим сифати ва тажриба алмашинувини янада оширишга хизмат қилади.
Келишувга биноан, икки университет магистратура талабалари учун қўшма диплом дастурини (Double Degree) йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу дастур битирувчиларга иккала университетнинг дипломини олиш имконини беради.
Самарқанд давлат университетида замонавий лаборатория ташкил этиш борасида келишувга эришилди. Ушбу лаборатория турли илмий изланишларни олиб бориш, замонавий технологияларни тадқиқ қилиш ва таълим жараёнини амалий жиҳатдан мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Учрашув доирасида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва халқаро илмий-тадқиқот грантларида иштирок этиш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.