Самарқанд давлат университети бошланғич касаба уюшма қўмитасининг ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди

Самарқанд давлат университети бошланғич касаба уюшма ташкилотининг 2023-2025-йилларга мўлжалланган жамоа шартномасининг 2024-йилда бажарилиши бўйича ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда 77 нафар делегат ҳамда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Ифтихор Раҳимов иштирок этди.
Йиғилишда 2023-2025-йилларга мўлжалланган жамоа шартномасининг 2024-йилда бажарилиши тўғрисида бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси, доцент Шавкат Махматмурадов ҳамда СамДУ раҳбариятининг ҳисоботлари тингланди. Шунингдек, жамоа шартномаси бажарилишини назорат қилувчи комиссия раиси Сафарбой Қурбаниязов текширув далолатномаси билан таништирди.
Шавкат Махматмурадов қўмитанинг 2020-2025-йиллардаги фаолияти ҳақида ҳам батафсил ҳисобот берди. Сўзга чиққанлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, касаба уюшма қўмитасининг 5 йиллик фаолиятига ижобий баҳо бердилар.
Йиғилиш давомида касаба уюшма қўмитаси ҳамда тафтиш комиссиясининг янги таркиби сайланди. Ҳисобот-сайлов йиғилиши талабчанлик руҳида ўтиб, яширин овоз бериш йўли билан қўмита ва раёсат раиси этиб Шавкат Махматмурадов қайта сайланди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.