Баҳрайнда ўтаётган оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатида 102 кг. вазн тоифасида қатнашган СамДУ талабаси Шарофиддин Амриддинов 1 олтин ва 2 бронза медалларни қўлга киритди.

    Шарофиддин даст кўтариш машқида 172 кг. билан Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони қатарлик Элбаҳ Фаресни ҳам ортда қолдириб, олтин медаль соҳибига айланди. Силтаб кўраришда 196, икки курашда эса 368 кг. қайд этган Шарофиддин терма жамоа ҳисобига яна 2 бронза медални келтирди.

    Шунингдек ушбу мусобақада СамДУ талабалари Оғабек Тўхтаев ва Ҳожиакбар Олимовлар ҳам иштирок этиб, юртимиз шарафини ҳимоя қилди. Чемпионатда Оғабек Тўхтаев бронза медални қўлга киритди. Ҳожиакбар Олимовга бироз омад етишмади ва 4-поғонадан жой олиб, халқаро ҳакамлар томонидан энг яхши спортчи, деб эътироф этилди.

    Маълумот учун, жорий йилда Шарофиддин Амриддинов Грециянинг Ираклон шаҳрида ўтган Ёш ва ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида 2 олтин ва 1 кумуш медални, Тошкентда ўтказилган Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида 3 олтин медални, Коня-2021 Ислом бирдамлик ўйинларида бронза медални қўлга киритган эди.

Беҳруз Шамсиддинов

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.