Самарқанд давлат университети   Туркология институти директори, филология фанлари номзоди, доцент Роҳила Рўзмонова билан суҳбат

    -Самарқанд давлат университетининг Туркология институтига кейинги ўқув йилидан  бакалавриат ва магистратура босқичларига қабул бўлиши кутилмоқда...

    -Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига кўра Самарқанд давлат университетига “Флагман университет” мақоми берилди. Ушбу мақом мазкур олий ўқув юртини тадқиқот университетига айлантириш, унинг таркибида мамлакат иқтисодиёти, ички ва ташқи сиёсати, унинг глобал ва минтақавий манфаатлари бўйича тадқиқотлар олиб борадиган илмий-тадқиқот институтлари ва марказларини ташкил этиш вазифасини қўйган.

    Самарқанд давлат университети маъмурияти ташаббуси ва Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси тавсиясига биноан, Туркия Республикаси Истанбул ва Мармара университетлари қошидаги Туркология илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда Самарқанд давлат университети ҳузурида Туркология илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.

    Мазкур институтда Туркий давлатлар ташкилотига кирувчи мамлакатлар билан ижтимоий-сиёсий, маданий ва илмий алоқаларини, туркий цивилизациянинг муштарак ижтимоий-тарихий, маданий, адабий ва лисоний хусусиятларини тадқиқ этиш, йўқолиб бораётган туркий тил ва лаҳжаларни текшириш ва асрашга доир илмий-тадқиқот ишлари олиб борилади. Бу борада Туркия университетлари билан ҳамкорликда етук мутахассислар тайёрланади. Янги ўқув йилидан ушбу институт фаолиятини янада кенгайтириш, бир қатор кафедралар, шунингдек, тил лабораторияси фаолиятини йўлга қўйиш назарда тутилган бўлиб, туркий халқлар тили ва адабиётига доир бир қатор, шу жумладан, хорижий тил ва адабиёт: турк тили йўналиши бўйича бакалавриат, магистратура ҳамда докторантура босқичларига талабаларни қабул қилиш режалаштирилган.

    -Туркология институтида турк тилини ўргатиш бўйича тил курслари фаолияти қай даражада йўлга қўйилган?

    -Ҳозирги кунда институт қошида “Турк тили маркази” ташкил қилинган бўлиб, турк тилини ўрганишни хоҳловчилар учун шартнома асосида тайёрлов курслари ўз фаолиятини бошлаган. Марказ A1, A2; B1, B2; C1, C2 даражаларга тайёрлаш учун тингловчиларга сифатли таълим бериб келмоқда. Мазкур курс машғулотларида Туркия Республикасининг нуфузли олийгоҳларидан жалб этилган тажрибали ўқитувчилар дарс жараёнларини олиб боришмоқда.

    -Институтнинг бугунги фаолияти ҳақида тўхталсангиз.

    -Бугунги кунда Туркология инстиутида туркий тиллар, туркий адабиёт ва маданиятлар бўйича бир қатор тадқиқотлар ва янги лойиҳалар амалга ошириш режалаштирилган. Институт ҳали янги бўлгани учун олдинга қўйилган вазифа ва мақсадлар ҳали режа босқичида. Фаолиятимизнинг кейинги қисмида ушбу вазифаларни босқичма-босқий амалга ошириш учун тинимсиз ҳаракат қилмоқдамиз. Жумладан, туркий тиллар ва шевалар бўйича тадқиқотлар олиб бориш, лисоний ва адабий алоқалар тарихини тадқиқ этиш, қардош халқлар тилларидан қилинадиган таржима асарларнинг сифати ва миқдорини ошириш ҳамда қиёсий таҳлиллар масаласида Туркия университетлари ҳамда тадқиқот институтлари билан биргаликда янги лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Амалдаги ҳар бир мақсад туркий халқларнинг кўп асрлик урф-одатлари, анъаналари ва маданий қадриятларини очиб беришга қаратилган илмий таҳлилларни амалга ошириш, олинган натижаларни турли нашрлар ва тадбирлар орқали илм-фан олами ва жамоатчиликка етказиш масалаларига қаратилган.

    Шунингдек, келгусида нафақат Туркия университетлари, балки турк дунёсининг бошқа халқлари билан ҳамкорликда илмий-амалий анжуманлар, халқаро конференциялар ташкил қилиш белгиланган. Илк қадам сифатида яқин кунларда ўтказилган “Султон Йилдирим Боязид ва Амир Темур” халқаро симпозиумини мисол қилиб келтириш мумкин.

    -“Султон Йилдирим Боязид ва Амир Темур” халқаро симпозиуми якуний натижалари қандай бўлди?

    -“Султон Йилдирим Боязид ва Амир Темур” халқаро симпозиумининг Самарқандда ўтказилган тадбирларини якунладик. Тўрт кун давом этган тадбир ва учрашувларда Туркиядан ташриф буюрган олимлар, тарих, тил ва адабиёт, маданият, санъат, дин ва илоҳиёт илми намояндалари билан ҳамфикр бўлдик. Уларга Самарқанд тарихи, қадимий маданият ва санъат  намуналарини кўрсатдик, бундан кейинги алоқалар устуворлигини таъминлаш бўйича қатор келишувларга эришдик. Самарқанд давлат университети Туркология институтида ташкил этилган симпозиум шўъбалари мажлисларида ўзбек-турк муносабатларида тил ва маданият уйғунлиги, тарихий алоқаларга келажакда барқарор тус бериш бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилди. Умумий ҳисобда симпозиумда 40 дан ортиқ тарихчи, исломшунос, файласуф ҳамда филолог профессор-ўқитувчилар иштирок этиб, Амир Темур ва Султон Йилдирим Боязид даврига оид илм-фан, маданият, иқтисод каби қатор масалалар юзасидан ўз тадқиқотлари натижалари билан ўртоқлашишди.

    Ушбу анжуман мамлакатимизда ҳамда туркий давлатларда турк дунёси бўйича тадқиқот олиб бораётганлар ўртасида ўзаро боғланган академик тармоқ ташкил этиш сари дастлабки қадамнинг ўзига хос намунаси бўлганига ишонаман.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.

Ирода Бекмуродова суҳбатлашди.

Шавкат Акрамов олган суратлар.