Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон-Россия учинчи таълим форуми бўлиб ўтди...

Форум тадбирлари Ўзбекистон олий ўқув юртлари ва Россия ишлаб чиқариш секторлари вакиллари ўртасида интеграцияни йўлга қўйиш доирасидаги музокаралар билан бошланиб, шўъбаларга бўлинган ҳолда давом этди. Ўзаро учрашувларда икки томондан 200 дан ортиқ олий таълим муассасалари раҳбарлари, ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари, вазирлик ва идоралар масъуллари иштирок этди.
Дастлабки музокараларда Россиянинг етакчи компаниялари раҳбарлари, вазирликлар вакиллари ва Ўзбекистон ректорлари ўртасидаги амалий ҳамкорлик, икки томонлама лойиҳалар муҳокама қилиниб, Ўзбекистон олий таълим муассасларининг Россия ишлаб чиқариш секторлари ўртасида интеграцияни амалга ошириш, Ўзбекистон учун муҳим бўлган мухандислик-технология, энергетика, кимё саноати соҳаларида ОТМлар ўртасида илмий-академик алмашинувни йўлга қўйиш, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги таълимнинг барча босқичларида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, шунингдек, Ўзбекистонда Россия олий таълим муассасалари филиаллари сонини ошириш бўйича бир қатор муҳим масалалар юзасидан очиқ музокаралар олиб борилди.
Форумнинг сессиялари йиғилишларида икки давлат университетлари билан ҳамкорликда олий малакали педагог-кадрлар тайёрлаш, магистратура таълимини ривожлантириш, илм-фан, таълим ва техника соҳаларида истиқболли ҳамкорлик доирасида академик ва илмий алмашинув алоқалари ва қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш бўйича бир қанча масалалар муҳокама қилинди. Ўзаро музокараларда техника, кимё технология, геология, муҳандислик соҳаларида Россия университетлари билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва академик мобилликни ташкил этиш, биргаликдаги тадқиқотларда замонавий юқори технологияли лабораториялар ва технопарклардан фойдаланиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш учун инновацион платформаларни яратиш, икки давлат учун устувор йўналишларда илмий лойиҳаларни амалга оширишни фаоллаштириш масалалари юзасидан бир қатор таклифлар илгари сурилди.
Куннинг иккинчи қисмида Самарқанд давлат университети фаоллар залида Ўзбекистон-Россия III таълим форумининг ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Анжуманни Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон-Россия III таълим форуми иштирокчиларига табригини Президент маслаҳатчиси Одил Абдураҳмонов ўқиб эшиттирди.
Форум якуний натижалари бўйича икки мамлакат таълим ташкилотлари, етакчи компаниялари ўртасида фан, таълим, ишлаб чиқариш интеграциясини йўлга қўйиш, шунингдек, муҳандислик-технологияси, энергетика, кимё саноати соҳаларида кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятдаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш каби бир қатор масалаларда 120 га яқин ҳамкорлик шартномалари бўйича келишувга эришилди. Самарқанд давлат университети Россиянинг бир қатор олий таълим муассасалари билан 10 дан ортиқ шартнома имзолади.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.