СамДУ Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти талабалари Италиянинг Болонья университетида ўқишини давом эттирадими?

Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Мухтор Носиров ва СамДУ Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти директори, доцент Тошпўлат Ражабовлар аграр соҳага оид хориж тажрибасини ўрганиш ва келишувларга эришиш мақсадида Италиянинг Болония университети мутасаддилари билан музокаралар олиб борди. Унда СамДУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Ахатов ЗООМ платформаси орқали онлайн иштирок этди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси маслаҳатчиси Нуриддин Қўшназаров қатнашди.
Музокараларда Самарқанд давлат университети Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти талабалари Болонья университетининг Аниқ координатали ва барқарор қишлоқ хўжалиги (Precise and Sustainable Agriculture) ҳамда Боғдорчилик илмлари (Horticulture Sciences) йўналишларида магистратура босқичини давом эттиришлари юзасидан махсус келишув имзоланди.
Шунингдек, Болонья университети билан ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.