Самарқанд давлат университети жамоаси номидан Сизни туғилган кунингиз билан самимий табриклайман. Биз Сиз каби СамДУ да таълим олиб, бугунги кунда жаҳоннинг нуфузли илм-фан марказларида фаолият кўрсатаётган олимлар билан ҳақли равишда фахрланамиз.

    Сизнинг улуғ алломалар сулоласига мансуб эканлигингизни алоҳида эътироф этишни истардим. Бобонгиз Раҳмонқул Орзибеков – филология фанлари доктори, профессор, мумтоз адабиётимизнинг ҳақиқий билимдони эди. У кишидан  ўнлаб монография ва ўқув қўлланма, дарсликлар, юзлаб мақолалар мерос  қолганлигини мамнуният билан таъкидлайман.

    Бугунги кунда  СамДУ генетика ва биотехнология кафедраси докторантлари Шаҳзод Аханбаев ва Ихтиёр Акрамовларга илмий маслаҳатчилик қилаётганлигингиз таҳсинга сазовор. Шунингдек, магистрларимизга доимий илмий семинарлар ўтаётганлигингиз учун алоҳида ташаккур билдирмоқчиман.

    Самарқанд давлат университети билан алоқаларингиз янада мустаҳкамланишига ишонаман. Замонавий кадрлар тайёрлашда, янги лабораториялар очишда Сиз каби дунё кўрган олимларимизнинг таклиф ва мулоҳазалари биз учун қадрлидир.

Рустам ХОЛМУРОДОВ,

Самарқанд давлат университети ректори,

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби.