Самарқанд давлат университетида ўтказилаётган анжуманда яйлов муаммоларига якдил ечим топиш, халқаро миқёсда тажриба алмашиш имконияти юзага келади...

- Ҳозирги глобал шароитда инсон эҳтиёжларининг ҳар нарсадан устун қўйиб келиниши табиатга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Кўпчилик наздида яйлов ҳудудлари жамият ҳаёти учун аҳамияти паст омиллар қаторида баҳоланади. Аммо, Марказий Осиё ҳудудларининг кўп қисми яйловлардан иборат эканлигини инобатга олсак, ушбу ҳудудлар аҳолиси турмуш тарзи бевосита яйловларга боғланганлигини кўрамиз. Бугунги кунда яйловлар ва улардаги табиий ресурслардан фойдаланиш, уларни бошқариш ва назорат қилиш тизимининг издан чиқиши оқибатида бир қанча муаммолар юзага келмоқда. Бу каби ҳолатларни камайтириш учун амалга оширилаётган чора-тадбирлар етарлича самара бермаяпти. Конференция ташкилий жараёнлари давомида Ўзбекистон яйловлари ҳолати билан танишиб чиқдик. Кузатишларимиз шуни кўрсатдики, Ўзбекистон ҳудудида инсон омили таъсирига учрамаган бирорта яйлов йўқ. Бу ҳолат яйловлардан фойдаланиш тизимида муаммолар борлигини кўрсатади. Анжуманнинг учинчи кунида бевосита Самарқанд яйловларида дала семинарлари ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур семинарлар давомида айнан шу масала бўйича якдил ечим топиш, халқаро миқёсда тажриба алмашиш имконияти юзага келади.
Кристина Тодерич
Япониянинг Тоттори университети қошидаги Қурғоқчил минтақалар тадқиқотлари халқаро платформаси профессори