Самарқанд давлат университетида “17 ноябрь – Халқаро талабалар куни” муносабати билан бир гуруҳ фаол талаба-ёшлар тақдирланди...

Ўқишда ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган, юқори салоҳиятли ёшлар ҳамиша эътироф ва эътиборда. “17 ноябрь – Халқаро талабалар куни” муносабати билан Самарқанд давлат университетининг бир қатор фаол талабалари, шунингдек, чет тили бўйича юқори даражали халқаро сертификатга эга бўлган бир гуруҳ ёшлар мукофот ва сертификатлар билан тақдирланди.
-Талабалик ҳар бир ёш қалб учун катта ҳаётга қадам қўйиш, жамиятда ўз ўрнини топиш ва улкан орзу-умидлар давридир, - дейди Самарқанд давлат университети ўқув ишлари бўйича проректори Аҳмаджон Солиев, - Сизларнинг олдингизда фақат бир вазифа: чуқур билим олиш ва ўз касбингиз бўйича етук кадр бўлиб етишиш вазифаси турибди. Шундай экан, улкан мақсадлар сари дадил ҳаракат қилишда давом этинг. Самарқанд давлат университети талаба-ёшларнинг орзу-интилишлари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга ҳамиша тайёр.
-Байрам муносабати билан тақдирланган бир гуруҳ талабалар сафида эканлигимдан мамнунман, - дейди юридик факультети талабаси Диёр Ширинбоев, - Жорий йилда инглиз тили бўйича халқаро IELTS 7.5 сертификатини қўлга киритдим. Илм-маърифатга бўлган меҳримиз ва бу йўлдаги озми-кўпми ҳаракатларимиз университет эътирофида эканлиги бизни янги муваффақиятлар сари қадам қўйишда дадиллантиради. Байрам муносабати билан барча талабалар ва тенгдошларимни табриклайман.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати