Яқин кунларда Иорданияда ўтказилган бокс бўйича эркаклар ва аёллар ўртасидаги Осиё чемпионати олтин медали соҳиби, Самарқанд давлат университети талабаси Навбаҳор Ҳамидова билан суҳбат

    -Нега айнан бокс спорт турини танлагансиз?

    -2016 йилги Бразилияда бўлиб ўтган олимпиадада  ўзбекистонлик боксчиларнинг иштирокини катта қизиқиш билан томоша қилдим. Ўша йили боксчиларимиз жуда юқори натижаларни қўлга киритганди. Уларнинг шоҳсупа устида Ўзбекистон байроғи кўтарилганда, мадҳиямиз янграганда қувончдан йиғлаётганларини кўриб, жуда ҳам таъсирландим. Юрагимда чемпион бўлиш сари ҳавас уйғонди. Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Азалдан боксга қизиққанман. Лекин махсус шуғулланмасдим. Шу воқеадан кейин бокс машғулотларига қатнай бошладим.

    - Иорданияда ўтказилган Осиё чемпионатидаги ғалабам. Финал жангида Жанубий Кореялик Чои Хонгеун устидан ғалаба қозониб, осиё чемпионлигини қўлга киритдим. Бу осон бўлгани йўқ. Ушбу ғалабамни узоқ йиллик тинимсиз меҳнат, оиламдан узоқда тортган қийинчилик ва машаққатларимнинг маҳсули деб биламан. Аммо жаҳон шоҳсупасида олтин медални тақиб қўйишаркан, Ўзбекистон байроғи кўтарилганини кўришим билан ҳаммаси унутилди. Бу ҳолатни сўз билан тасвирлаб бериш қийин...

    -Муваффақиятингизнинг сирини нимада деб биласиз?

    -Меҳнат, сабр ва албатта, Аллоҳнинг қўллаши.

    -Мағлубиятни қандай қабул қиласиз?

    -Мағлубият ва ғалаба доим бирга юради, дейишади. Мағлубиятсиз ғалаба бўлмайди, албатта. Муҳими, уни тўғри қабул қилиш. Мағлуб бўлдингизми, демак мақсадга эришишингиз учун сизда нимадир кам. Бу ҳолатда тушкунлика тушмасдан, ўз устида ишлашда давом этиш лозим. Кўпроқ меҳнат қилиш керак. Мен мағлубиятни ҳамиша тўғри қабул қиламан.

    -Спорт сиз учун нима?

    -Спорт – менинг  ҳаётим! Мен йил бўйи ота-онам, яқинларим ва уйимиздан узоқда бўламан. Доимий равишда мусобақаларга тайёргарлик ва машғулотлар шуни тақозо қилади.  Шундай бўлганидан кейин, ҳаётингизнинг бир қисми бўлган жамоа, устозларингиз ва доимий машғулотингиз сизнинг оилангизга айланиб қоларкан...

     -Спортни тарк этиш ҳақида ўйлаган вақтингиз бўлганми?

    -Ҳа, бўлган. Кетма-кет мусобақаларда ютқазиб қўйган вақтларим, мендан боксчи чиқмаса керак деб ўйлаб қаттиқ сиқилардим. Шундай вазиятларда устозим Элшод Расулов менга руҳан далда берарди. Устозим сабаб кучли меҳнат билан бу ҳолатдан чиқиб кетишга ҳаракат қилардим.

    -Сизнингча, спорт қиз болага нима бера олади?

    - Инсоннинг орзу-мақсадлари бир эшик бўлса, спорт – шу эшикни очувчи калит. Баъзи қизлар ўз орзулари сари дадил ҳаракат қилишдан чўчийдилар. Спорт менга энг аввало, мақсадларим томон қадам қўйишга куч берди.

    -Бугунги Ўзбекистонда бокс қай даражада ривожланяпти деб ўйлайсиз? Бу борада қўшимча таклифларингиз борми?

    -Ўзбекистонда бокс аъло даражада ривожланмоқда. Ўзбек боксчилари жаҳон бўйича алоҳида ҳавас билан эътироф этилмоқда. Буларнинг ҳаммаси Давлатимиз раҳбари томонидан қаратилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитларнинг маҳсулидир. Аммо айтиш жоизки, бизда аёллар бокси эркаклар бокси билан тенг эмас. Бунга бир томондан кўпчилик одамларнинг боксни қизлар учун тўғри келмайдиган спорт деб ҳисоблашлари ҳам сабаб бўлади. Аммо ҳар қандай спорт, агар астойдил ҳаракат қилинса, инсон учун соғлом ҳаёт ва мақсадлар рўёби гарови бўлиб хизмат қилади. Шу кунга қадар нимагаки эришган бўлсам, ҳаммасига спорт туфайли эришдим. Ортимда шундай Ватаним, Президентим тургани менга ҳамиша куч берди. Бунинг учун аввало, Ватаним, ота-онам, мураббийларим, мен таҳсил оладиган даргоҳ - Самарқанд давлат университетидан миннатдорман.

    -Келажакдаги мақсад ва режаларингиз қандай?

    -Олимпиада чемпиони бўлиб, жаҳон шоҳсупаларида Ватанимиз байроғини юксакларга кўтариш.

 

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова суҳбатлашди.