Самарқанд давлат университетида “қалб шифокорлари” байрами кенг нишонланди…

Психология бу шахснинг психикаси ва психологик фаолиятининг ишлаши, ривожланиши ҳамда пайдо бўлиши қонуниятларини ўрганади. Инсон мавжуд экан ўз ҳаётий тажрибасига асосланиб, у ёки бу ҳолда идрок этиш, оламни англаш, нарса ва ҳодисаларни ажратиш каби хусусиятга эга.
Самарқанд давлат университети психология ва ижтимоий-сиёсий фанлар факультетида халқаро психологлар кунига бағишланган тадбир ўтказилди. Унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари, профессор-ўқитувчи ва талабалар иштирок этди.
Психологлар кечасини Самарқанд давлат университети ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори, профессор Шаҳзода Негматова кириш сўз билан очиб, барчани бугунги айём билан муборакбод этди. Шунингдек, инсон руҳиятининг шифокорлари бўлган психологлар касби шарафли ва масъулиятли эканлигини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан доимий ҳамкорликда ишлаган факультетнинг бир қатор профессор-ўқитувчиларига эсдалик совға ва сертификатлар топширилди.
- Психолог деганимизда кўз ўнгимизда бир инсоннинг ички кечинмалари, характери ва дунёқараши билан ишлаб, ҳаётга бўлган қизиқишини орттирадиган, атрофдан гўзаллик излашга ёрдам берадиган касб эгалари гавдаланади, - дейди СамДУ психологи Розия Номозова. – Бежизга писхологларни қалб шифокорлари дейишмайди. Ҳар бир инсон билан мукаммал мулоқот олиб бориш, унинг муаммоларини ўрганиш ва унга ечим топиш катта маҳорат талаб этади. Бир гап билан айтганда бугунги кунда жамиятимиз учун бу касб муҳим аҳамиятга эга. Барча ҳамкасбларимизга бугунги кун муборак бўлсин…
Факультетнинг иқтидорли талабалари томонидан олиб борилган психологик тренинг машғулотлари иштирокчиларга юқори кайфият улашди
Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.