Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов ташаббуси билан Самарқанд шаҳридаги имконияти чекланган, уйда якка тартибда таълим олувчи ўқувчилар ҳолидан хабар олинди.

    Ҳасан ва Ҳусан Садриддоновлар Самарқанд шаҳридаги 81-мактабнинг 3-синф ўқувчилари. Афсуски, улар тақдир тақазоси билан мактабда эмас, балки уйда, якка тартибда ўқишга мажбур. Эгизаклар мия фалажига қарши курашиш билан бирга таълим олиш учун ҳаракат қилмоқда.

    Самарқанд давлат университети биринчи проректори, профессор Шаҳзода Негматова бошчилигидаги жамоа ушбу хонадонга ташриф буюриб, уларнинг ҳолидан хабар олди. Ўқувчилар билан суҳбатлашди, келажаги билан қизиқди. Шунингдек, университет ректорининг самимий тилакларини билдириб, китоб ва эсдалик совғаларини топширди.

    Биринчи проректор ака-укаларнинг онаси билан мулоқот қилар экан, уни чин маънодаги Қаҳрамон Она эканлигини таъкидлаб, фарзандларининг дардига шифо, ўқишларига эса омадлар tiladi... Суҳбат давомида она кўз ёшларини тиёлмади…

    Дилдора Исаева, Ҳасан ва Ҳусан Садриддоновларнинг онаси:

    - Ҳаёт турли хил қийинчилик ва синовларга бой. Менинг фарзандларим ҳам ушбу азобли кунларни бошидан кечирмоқда. Мия фалажи хасталиги сабаб, бир неча йиллардан буён ушбу касалликга қарши туриб келмоқда. Таянч ҳаракатидан маҳрум бўлган. Давосини излаяпмиз, умидимизни ҳеч ҳам сўндирмаганмиз. Фарзандларни берганига шукр қиламан. Ўқитувчилари ҳар куни келиб, дарсларини, билим олишини назорат қилмоқда. Ўқишлари яхши…Тўғриси, бугунги ташрифни кутмаган эдим. Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродовнинг эътиборидан жуда хурсанд бўлдим. Мен ҳам фарзандларимни олим инсон бўлишини хоҳлайман. Насиб қилса, ўғилларим соғайиб кетса, Самарқанд давлат университети талабалари бўлишишига умид қиламан. Барча ташкилотчиларга миннатдорлик билдираман…

Беҳруз Шамсиддинов

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими,

Шавкат Акрамов олган суратлар.