Самарқанд давлат университети ҳамда Польшанинг Померания академияси ҳамкорлиги
Самарқанд давлат университетида Польшанинг Померания академияси вакиллари билан ZOOM платформаси орқали учрашув бўлиб ўтди.
Унда Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Ахатов, халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Мухтор Носиров ҳамда университет профессор-ўқитувчилари Померания академияси вакиллари билан учрашди.
Икки томонлама олиб борилган музокараларда халқаро алоқаларни янада ривожлантириш, Самарқанд давлат университети ҳамда Померания академияси билан ҳамкорлик доирасида бир қатор соҳаларда академик алмашинувни йўлга қўйиш масалалари кенг муҳокама қилинди. Ижтимоий-гуманитар соҳалар, ахборот технологиялари, география, атроф-муҳит муҳофазаси каби соҳаларда талабалар учун қўшма таълим дастурлари ишлаб чиқиш, академик алмашинув доирасида профессор-ўқитувчи ва илмий тадқиқотчилар алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек, ўзаро ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш бўйича келишувларга эришилди.
-Померания академияси Польшанинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири, - дейди СамДУ география ва табиий ресурслар факультети катта ўқитувчиси Расулжон Мамажонов, - Бугунги учрашувда академиядаги туризм институти билан соҳага оид долзарб мавзуларда ҳамкорликда тадқиқотлар ўтказиш, туризм соҳаси бўйича мутахассисларни тайёрлашда икки томонлама қўшма дастурлар ташкил қилиш ва илмий-академик алмашинув масалалари бўйича бир қатор амалий таклифлар илгари сурилди. Бу каби келишувлар албатта олий ўқув юртлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш замирида илм-фан оламида долзарб мавзуларда янгилик қилиш имконини беради.
Учрашув якунида Самарқанд давлат университети ва Померания академияси ўртасида келишув шартномаси имзоланди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.