Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон-Россия II илмий семинари бўлиб ўтди...
Самарқанд давлат университетида “Суффа платосидаги халқаро радио расадхона: миллиметрли ва субмиллиметрли астрономия истиқболлари” мавзусида Ўзбекистон-Россия II илмий семинари ўтказилди.
Семинарда Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев, ЎзР ФА олимлари, Россия Фанлар академияси вакиллари ҳамда Самарқанд давлат университети илмий жамоатчилиги иштирок этди.
Семинарда сўзга чиққанлар Суффа платосида жойлашган радио расадхонанинг бугунги ҳолати, унинг кейинга фаолиятини такомиллаштиришда мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш, мазкур халқаро илмий объектда олиб борилаётган тадқиқот ва изланишларни ривожлантириш, бу борада мавжуд имкониятларни бирлаштириш каби масалаларда маърузалар қилдилар. Шунингдек, астрофизика ва радиоастрономия бўйича фундаментал тадқиқотлар соҳасида икки томонлама халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича бир қатор амалий таклифлар илгари сурилди.
-Бугунги кунда илм-фанни замонавий технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди, - дейди Москва давлат университети қошидаги Астрономия институти профессори Константин Постнов, - Астрономияда, хусусан, радиоастрономияда ахборот технологиялари жуда муҳим рол ўйнайди, чунки замонавий асбоблар қайта ишланиши керак бўлган жуда катта ҳажмдаги ва юқори аниқликдаги маълумотларни ишлаб чиқаради. Суффа радиообсерваторияси радиоастрономияни ривожлантиришда катта имкониятларга эга. Обсерваторияда олиб борилаётган илмий кузатиш ва текширишлар орқали нафақат Ўзбекистон ва Россия, балки жаҳон астрономияси учун зарур бўлган ноёб илмий натижаларга эришилмоқда.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.