Самарқанд давлат университетида Евроосиё тадқиқот маркази ташкил этилади…
Самарқанд давлат университетига Россиянинг Олий иқтисодиёт мактаби Анна Тишеская бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Меҳмонларни СамДУ халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Мухтор Носиров қабул қилди.
Ташрифдан асосий мақсад Самарқанд вилоят ҳокими ва Россиянинг Санкт- Петербург шаҳри ҳокими ўртасида имзоланган келишувни амалга оширишдир. Унга кўра СамДУ билан Россиянинг Олий иқтисодиёт мактаби ҳамкорлигида Евроосиё тадқиқот аналитик марказини ташкил этиш режалаштирилган.
Марказ фаолиятида томонларнинг профессор-ўқитувчи ва талабалари Евроосиё минтақасидаги иқтисодий, маданий, таълим соҳасидаги масалаларни таҳлил қилиб, фикр-мулоҳазаларини билдиради.
Шунингдек, билдирилган таклифлар асосида давлатларнинг иқтисодий, маданий ҳамкорлик масалаларини кенг кўламда олиб бориш назарда тутилган. Ушбу аналитик марказ СамДУ инсон ресурсларини бошқариш факультети қошида 2023 йилнинг март ойигача ишга тушиши режалаштирилган. Қолаверса марказга ушбу факультетнинг профессор-ўқитувчилари масъул этиб белгиланган.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.