Самарқанд давлат университетида декабрь ойида “Германия университетлари ҳафталиги” ўтказилгани кўпчиликка маълум. Талабаларни хорижий тилларни ўрганишга янада қизиқтириш, нуфузли Германия олий ўқув юртларида таҳсилни давом эттириш имкониятлари билан таништириш, хорижий мутахассислар билан масофавий ва анъанавий шаклда ҳамкорликда ишлаш мақсадида ташкил этилган мазкур ҳафталик доирасида Германиянинг бир қатор олий ўқув юрти ходимлари, Германияда тадқиқот олиб бораётган университет  илмий изланувчи ва ўқитувчилари билан семинар-тренинглар ташкил этилди.

    “Немис университетлари ҳафталиги” доирасида дастлаб тарих факультети талабалари учун Германиянинг Бамберг университетида тадқиқот ўтаган халқаро таълим дастурлари маркази директори Сардор Умаров “Германия ва Ўзбекистоннинг тарихий алоқалари” мавзусида маҳорат дарси ўтди.

    Шунингдек, ҳафталик доирасида биология факультети талабалари учун “Германия табиати ва биологик тадқиқотлар” мавзусида семинар-тренинг ташкил қилинди. Ҳозирда Германиянинг Триер Университетида ўз илмий тадқиқот мавзусида изланишлар олиб бораётган университет тадқиқотчиси Акбар Аҳмедов тадбирда масофавий тарзда иштирок этиб, олиб бораётган тадқиқоти, олинаётган натижалар ва Триер университетида ўқишни  хоҳловчилар учун керакли маълумотларни тадқим этди. Факультетнинг ёш ўқитувчиси бўлишига қарамай хорижда стажировка ўтаб қайтган Абубакир Қўшбоев ҳам янги олинган биологик тадқиқот натижалари билан  талабаларга тақдимот намойиш қилди. Семинар-тренинг давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

    Ҳафталик давомида университет талабалари учун “Ўзбекистон тарихи немис тарихчилари нигоҳида” мавзусида семинар-тренинг ташкил қилинди. Унда Германиядан ташриф буюрган Берлин Университети Шарқий Европа офиси директори Тобиас  Стюдеманн ва Берлин Университети Шарқий Европа офиси профессори Роберт Киндлер ўз маърузалари билан иштирок этди.

    Ҳафталикнинг кейинги қисмида Шарқ Европа таълим институти декани, профессор  Theocharis Grigoriadis ва иқтисодиёт соҳадаги дастурлар бўйича масъул ходими Pioter Laris инсон ресурсларини бошқариш факультетига ташриф буюриб,  факультет билан халқаро ҳамкорлик алоқалари бўйича келишувга эришдилар.

    Шу билан бирга филология факультетида ҳам “Хорижий талабалар учун Берлиндаги Фреие университетида таҳсил олиш имкониятлари” мавзусида семинар дарслари ташкил этилиб, талабалар учун мазкур университетда бакалавр, магистратура, докторантурада таҳсил олиш бўйича батафсил маълумотлар берилди. Фреие университети делегацияси университетимизнинг немис тилига қизиқувчи талаба ва илмий изланувчиларига бошланғич, яъни А1 даражадан Б2 даражагача мўлжалланган немис тилини ўргатувчи дарсликларни тақдим этди.  

    Ҳафталикда хорижлик мутахассислар ДААД жамғармасининг дастурлари, унинг танловларида иштирок этиш афзалликлари ҳақида талабаларга батафсил маълумот бериш билан бир қаторда келажакда Самарқанд давлат университетида Германия маданият марказини очиш бўйича таклиф ва режалар ишлаб чиқдилар. 

Зарифа Эшмуродова

Самарқанд давлат университети

Халқаро ҳамкорлик бўлими бош мутахассиси.