Самарқанд давлат университети психология кафедраси ўқитувчиси Ситора Умматованинг “Рашк феноменининг оила муносабатларидаги гендер ва ёш фарқлари” мавзусидаги психология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертацияси Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги “Маҳалла ва оила” илмий тадқиқот институтининг 2022-2023-йиллар давомида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга ошириладиган “Оила маънавий муҳитини мустаҳкамлашда  рашкнинг ўрни” номли илмий лойиҳага тавсия этилди. Лойиҳага кўра Ситора Умматованинг мазкур тадқиқоти 10 минг нусхада чоп этилади ҳамда республика бўйича маҳаллаларга тарқатилиб, муаммоли оилаларда маънавий муҳитни яхшилаш ишларида фойдаланилади.

    – Рашк  – бу ўз таъсирини йўқотишдан қўрқиш демакдир, у худди қўрқоқликка ўхшайди. Одатда рашк ҳисси муҳаббат тушунчаси билан боғлиқ тарзда талқин қилинади, - дейди лойиҳа раҳбари, психология фанлари бўйича фалсафа доктори Ситора Умматова, - Бу икки туйғу ўртасидаги боғлиқликни одамнинг эгалик қилиш истаги бўлган объектига нисбатан шубҳали муносабати, унинг муайян хатти-ҳаракати тўғрисида шубҳаси натижасида келиб чиқади. PhD диссертациям учун мазкур мавзуни олганимдан кейин оилаларда рашкнинг ўрни ва хусусиятларини аниқлаш бўйича тадқиқотлар ўтказишни бошладим. Ўзбек оилаларида рашкнинг ўрни, эр-хотин муносабатларининг оила мустаҳкамлигига таъсири сифатида оилада соғлом муҳит омиллари, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларнинг ижтимоий-психологик хусусиятларини тадқиқотлар асосида ўрганиб, рашк феномени ҳақидаги маҳаллаларда оилалар мустаҳкамлиги ва барқарорлигини таъминлашда фойдаланиш  мумкин бўлган илмий тасаввурларни ишлаб чиқишга ҳаракат қилдим.

    Рашк оилавий муносабатлар билан боғлиқ бўлган ҳодисалардан бири бўлиб, оила муносабатларида рашк таъсирининг намоён бўлишига оид статистик маълумотларни кузатсак, оиладаги шахслараро муносабатлар, турли қийинчиликлар, маиший муаммолар билан бирга эр-хотин ўртасидаги ишончсизлик рашкни юзага келтираётганига гувоҳ бўламиз.

    Рашк, ўзига хос ташвиш шакли деб таснифланган ҳар қандай ҳиссий ҳолат сингари, яқин кишининг меҳрига ишонч етишмаслигидан келиб чиқади. Рашкни изоҳлашда унинг учинчи шахсга, рақобатчига қаратилгани ва турли муаммоли ҳолатларни келтириб чиқараётгани билан боғлиқ ёндашув ҳам мавжуд. Рашк ҳисси, энг аввало, инсон учун рад этилиш қўрқувидир. У ўзини баҳолашда, яқин муносабатларда ишончли-ишончсиз, шубҳали муносабатларда намоён бўлади.

    Ўтган асрларда, аёл жамият ва оиланинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида эътироф этилганидан кейин ҳатто рашк туйғусига нисбатан “Рашк - ўтмиш қолдиғи” деган қарашлар пайдо бўлди. Шунга қарамай, рашк ижтимоий ҳаётда эркаклар ва аёллар, болалар ва ўспиринлар орасида кўпроқ учрайди ва унинг ўта жиддий оқибатлари ҳанузгача кузатилмоқда.

    Тадқиқот натижаларин кузатиб, шунга амин бўлдимки, рашк фақат эр-хотин ўртасида эмас, балки ота-оналарнинг фарзандларига нисбатан танловчанлик муносабати, бирини иккинчисини олдида мақташи, афзаллигини кўрсатиши натижасида фарзандлар ўртасида ҳам, энг яқин дўстлар ўртасида ҳам бўлиши мумкин. Рашк ижтимоий муносабатларнинг ҳар қандай турига таъсир кўрсатади: турмуш ўртоқлар орасида муносабатларнинг ёмонлашуви ва ҳатто оилаларнинг бузилишига ҳам олиб келади…

    Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда оилалар ажрими кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Статистик маълумотларга кўра, 2022 йил ажримлар сони ўтган йил билан таққосланганда 24 фоизга ошгани кўринади. 2021 йилда Ўзбекистонда қарийб 39,3 минг оила никоҳдан расман ажрашганган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилда 48,8 мингни ташкил қилган. Бу эса 2022 йил учун ҳар минг нафар аҳолига тўғри келадиган никоҳдан ажралишлар сони – 1,4 промиллега тўғри келишини англатади. Мазкур рақамларнинг ўзиёқ, бугунги кунда оилаларда маънавий муҳитни яхшилашга эътиборни кучайтириш муҳим эканлигини кўрсатади. 

 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.

Шавкат Акрамов олган суратлар.