“Биринчи Ренессанс алломалари”
Самарқанд давлат университетида ушбу номдаги китоб тақдимоти ўтказилди...
Аввало, мазкур ўқув қўлланма муаллифларининг машаққатли меҳнати алоҳида эътироф этилди. Келгусида ушбу лойиҳани изчил давом эттириш юзасидан бир қатор фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тақдимот маросимида республикамизнинг турли муассаса ва ташкилотлари вакиллари ҳамда Самарқанд давлат университети илмий жамоатчилиги иштирок этди.
Китоб тақдимотида сўзга чиққанлар Биринчи Ренессанс асосларини яратишга улкан ҳисса қўшган аллома ва мутафаккирлар ҳақида фикр мулоҳазалар билдириш билан бир қаторда бугунги замон илм-фани ривожида алломалар меросининг ўрни ва аҳамияти бўйича алоҳида тўхталиб ўтди.
-Мутафаккирларимизнинг ҳаёти, илмий фаолияти ҳар бир давр ёшлари учун ибрат тимсолидир, - дейди “Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Ўткир Раҳмат, - Биз нафақат юртимиз, балки дунё тарихида Биринчи Ренессансни яратган алломаларнинг номи билан нафақат фахрланишимиз, балки уларга муносиб ворис бўлишга интилишимиз зарур. Уларнинг ҳаёти ва илмий меросини қунт билан ўрганишимиз керак. Чунки, интеллектуал ривожланган жамият ва давлат Учинчи Ренессанс пойдеворини янада мустаҳкам, аждодларига хос тарзда қўя олади. Бу борада СамДУ да олиб борилаётган ишлар диққатга сазовор...
-Агар Европа Уйғониш даврининг натижалари сифатида адабиёт ва санъат асарлари, архитектура дурдоналари, тиббиёт ва инсонни англаш борасида янги кашфиётлар юзага келган бўлса, Шарқ Уйғониш даврининг ўзига хос хусусияти, аввало, математика, астрономия, физика, кимё, геодезия, фармакология, тиббиёт каби аниқ ва табиий фанларнинг, шунингдек, тарих, фалсафа ва адабиётнинг ривожланишида намоён бўлади, - дейди Самарқанд давлат университети тарихшунослик ва манбашунослик кафедраси мудири, тарих фанлари доктори, профессор Бахтиёр Эргашев. -Бу даврнинг етук намояндалари, мутафаккир ва алломаларимизнинг бой меросидан бутун башарият равнақи йўлида оқилона ва самарали фойдаланиш - бу сиз билан бизнинг вазифамиз ва бурчимиздир. Бу борада фидойи олимлар жуда муҳим ўрин тутади.. Айнан уларнинг меҳнати туфайли биз ўтмишнинг бебаҳо илмий меросини қайтадан кашф этмоқдамиз.
Ирода БЕКМУРОДОВА,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.