Улуғ айём арафасида ёшлар ҳолидан хабар олинди…
2023 йил 11 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказилиб, масъулларга бир қатор топшириқлар берилган эди. Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Халмуродовга Самарқанд шаҳридаги 58 нафар “Ёшлар баланси” даги йигит-қизлар бириктирилган.
Рустам Холмуродовнинг назоратида бўлган ушбу ёшларнинг муаммолари доимий равишда ўрганилиб, ижобий ҳал этилмоқда.
«Бунёдкор» маҳалласида яшовчи Истодаой Қурбонова билан суҳбатлашилганда ногиронлик аравачасига эҳтиёжи борлигини билдирган.
Шунингдек, ушбу маҳалладаги 10-синф мактаб ўқувчиси Мунис Толибов IT соҳасига қизиқиши баландлиги ҳамда чет тилини мустақил тарзда ўрганаётганлигини айтиб, замонавий планшет кераклигини айтган.
Самарқанд давлат университети ректори ташаббуси билан Истодаой Қурбонова ҳамда Мунис Толибовга ўзи хоҳлаганидек ногиронлик аравачаси ва планшет топширилди. Совғани СамДУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Ахатов тақдим қилди.
- Самарқанд шаҳар 9-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчисиман. Мустақил тарзда ҳаракатлана олмаганим сабабли уйда таълим оламан, - дейди Истодаой Қурбонова. - Президент Шавкат Мирзиёевдан миннатдорман. Юртбошимизнинг ташаббуси билан мен ва менга ўхшаган ёшлар ҳолидан хабар олинмоқда. Ногиронлик аравачасига эҳтиёжим бор эди. Самарқанд давлат университети раҳбариятига ушбу истагимни билдирган эдим, орадан кўп вақт ўтмай муҳайё қилишди. Кўчага чиқишга тўғри келса ота-онам ва яқинларимнинг ёрдамисиз ҳаракатланолмасдим. Энди бемалол янги аравачамга таянган ҳолда ҳаракатлана оламан…
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.