“Наврўз – бу тириклик, табиат ва инсон уйғониши, янги орзулар ва янги умидлар байрамидир…”

Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий марказий истироҳат боғида Наврўз байрами катта тантана билан нишонланди. Байрам сайллари миллий анъаналарга мос равишда уюштирилиб, университет жамоаси ва меҳмонларга унутилмас таассурот қолдирди. Тадбирда миллий куй-қўшиқлар, бетакрор рақслар, суратлар кўргазмаси, спорт мусобақалари, ўзбекона таомлар ва миллий либослар намойиши ўтказилди. Хорижлик меҳмонлар ҳам байрам муҳитидан завқ олиб, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.
Наврўз тантаналарида Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев, Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов ҳамда Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров иштирок этишди. Меҳмонлар СамДУ профессор-ўқитувчилари, талабалар билан билан суҳбатлашиб, уларни Наврўз байрами билан табриклашди. Байрамга тайёргарлик кўрган жамоаларнинг чиқишларини юқори баҳолашди.
Байрам сайли доирасида Миллий гвардия чавандозлари ва ҳарбий оркестр жамоаси иштирок этди. Уларнинг байрамона юриши, куй-қўшиқлари ва саф тортиб юриши тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади. СамДУ нинг институт ва факультет жамоалари ўзига хос услубда байрамга тайёргарлик кўрган бўлиб, миллий анъаналарни ўзида акс эттирувчи ўтовлар тикишди, дастурхонларга сумалак, ҳалим, кўк сомса ва турли ширинликлар тортишди.
Шунингдек, спорт тадбирлари ҳам Наврўз байрамининг ажралмас қисми бўлди. Университет спортчилари кураш тушишди, арқон тортиш, шахмат-шашка, волейбол, стол тенниси ва қўл кураши бўйича мусобақалар ташкил этилди. Байрам иштирокчилари ушбу спорт тадбирларида фаол иштирок этиб, ўз маҳоратларини намоён қилишди.
Наврўз – халқимизнинг энг азиз байрамларидан бири бўлиб, у инсонларга эзгулик, меҳр-мурувват ва бирдамлик улашади, - дейди СамДУ ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Субхон Аббосов. - Самарқанд давлат университетида ўтказилган Наврўз байрами барча иштирокчилар учун қувончли дамлар, унутилмас хотиралар туҳфа этди. Тадбир давомида миллий урф-одат ва анъаналаримизнинг нақадар муҳим экани яна бир бор намоён бўлди. Байрам университет жамоаси ва меҳмонлар учун ҳақиқий маданий ҳамда маънавий тантана бўлиб қолди. Об-ҳаво ҳам байрамни янада кўтаринки руҳда ўтишига хизмат қилди. Барча иштирокчилар байрамдан мамнун бўлдилар. Мазкур байрам тадбири халқимизнинг қадимий қадриятлари, эзгулик ва дўстлик ғояларининг яна бир бор нишонланишига сабаб бўлди. СамДУ жамоаси Наврўз байрамини нишонлаш анъанасини келгуси йилларда ҳам давом эттириш ниятида.
- Наврўз – бу баҳорнинг илк кунларини, янги ҳаётнинг бошланишини, янгиланиш ва уйғониш фаслини нишонлайдиган қадимий ва эзгу байрамдир, - дейди СамДУ филология факультети декани Жўлибой Элтазаров. - Бу байрам Шарқ халқлари, хусусан, ўзбек халқининг миллий қадриятлари ва урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, эзгулик, меҳр-оқибат, аҳиллик ва бирдамлик тимсоли ҳисобланади. Одамлар бир-бирини табриклаб, яхшилик тилакларини билдирадилар. Бу байрам шунчаки одат тусига кирган санадан иборат эмас, балки у асрлар давомида инсонларни эзгуликка ундаган, яхшилик ва меҳр-муҳаббатга чорлаган қадимий анъанадир. Наврўз – бу тириклик, табиат ва инсон уйғониши, янги орзулар ва янги умидлар байрамидир. Филология факультети ҳам байрамга алоҳида тайёргарлик кўрди. Миллий ўйинлар, фольклор чиқишлари билан барчани хурсанд қилди. Наврўзга хос тантаналар ташкил этилди.
- Икки йилдан бери Наврўз байрамини Самарқанд давлат университетида нишонлаяпман. Бу байрам баҳорнинг кириб келишини ифода этувчи қувончли кунлардан бири, - дейди СамДУ профессори, ҳиндистонлик Ариндан Баник. - Ҳиндистонда Наврўз нишонланмайди, бироқ бизда унга ўхшаш байрам – Ҳоли-ранглар фестивали бор. Ҳоли ҳар йили 25 март куни нишонланади ва баҳорнинг келишини тантана билан кутиб олишга бағишланган. Шу боисдан, Ҳоли ва Наврўз бир-бирига ўхшаш жиҳатларга эга. Ҳоли байрамида одамлар бир-бирига турли рангдаги кукунлар сепиб, ўзаро қувонч улашишади. Наврўз эса бутун ўзбек халқининг бирдамлиги ва дўстлиги рамзи сифатида нишонланади. Байрамни Самарқандда нишонлаш жуда мароқли. Барча қувноқ, кулгу ва шодлик билан бир-бирини табриклади. Айниқса, Самарқандда ҳиндистонликлар сони анча кўплиги сабабли, биз ҳам бир-биримизни кўриб, байрамдан янада кўпроқ завқ олдик. Ўзбекистон халқига байрам муборак бўлсин!
Бу каби байрамлар турли миллат вакилларини бирлаштириши, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаши шубҳасиз. Баҳор келишини нишонлаш ва бу бахтиёр дамларни бирга ўтказиш эса ҳар бир инсон учун алоҳида аҳамиятга эга. Наврўз айёмингиз муборак бўлсин!
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.