Нуфузли анжуманни Самарқанд давлат университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ҳаким Хушвақтов кириш сўзи билан очиб, конференция ишига муваффақият тилади.

    Тадбирда АҚШ, Жанубий Корея, Германия, Туркия каби давлатлардан 10 дан ортиқ соҳа вакиллари ҳамда Республикамизнинг 40 га яқин олимлари маърузалари билан иштирок этмоқда.

    АҚШ нинг Далласдаги Техас университети Нанотехнология институти директори ўринбосари, ИТМО университети гибрид нано фотоника ҳамда оптоэлектроника лабораторияси мудири, Самарқанд “Квант” маркази илмий раҳбари, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Анвар Зоҳидов онлайн маърузаси билан қатнашди.

    Анжуманни ўтказишдан мақсад Самарқанд “Квант” маркази да олиб борилаётган илмий тадқиқотларни янада ривожлантириш, етакчи хорижий илмий марказлар билан ҳамкорлик қилишдир. Шунингдек, СамДУ Муҳандислик физикаси институтида перовскитлар ва уларга турдош бўлган материалларни синтез қилишни амалга оширувчи лабораторияда илмий тадқиқот ишларини кучайтириш ҳамда уларни жаҳон материалшунослик бозорига етказиб бериш имкониятларини муҳокама қилиш кўзда тутилган.

    Конференцияда Жанубий Кореянинг Сежонг университети профессори, Графен тадқиқот институти ҳамда ГРИ-ТПС халқаро тадқиқот маркази директори, Корея физиклар жамиятининг президенти Суклюн Ҳонг; Сежонг университети профессорлари Жонгҳва Эом ва Кеун Соо Ким; Гвангжу фан ва технология институти профессори Кеун-Ёунг Ким; Эвҳа Воманс университети профессори Санг Воок Леэ, Чунгбук Миллий университети профессори Санг Ҳоон Ким; Корея саноат технологиялари институти профессори Бум Сунг Ким; Корея асосий фанлар институти профессори Жаэ-сик Ёон; Германиянинг Дрезден техника университети профессори Ралп Ҳегер ҳамда Туркиянинг Измир технология институти профессори Сердар Ўзчэлик ва республикамиздан етакчи олимлар маърузаларини билан иштирок этди.

    Суклюн Ҳонг, Корея физиклар жамиятининг президенти:

    - Бугунги анжуман Корея физика жамияти ва Ўзбекистон физиклар кенгаши ўртасидаги меморандум асосида бўлиб ўтмоқда. Ушбу меморандум ўтган йили Ўзбекистон Физиклар кенгаши раиси, академик Қодир Ғуломов билан имзоланган эди. Анжуманнинг асосий мақсади дунё физика илмининг муҳим ва долзарб масалаларини кўриб чиқиш, бу борадаги тадқиқотлар ҳақида фикр алмашиш ҳисобланади. Бироқ шундай бўлса ҳам анжуман кун тартибига қўйилган масалалар муҳандислик физикаси, амалий физика ва фаннинг бошқа бўлимларини ҳам қамраб олади. Ўйлайманки, мазкур анжуман икки мамлакат илм-фан жамиятлари ва бошқа тегишли тадқиқотлар билан шуғулланувчи кўплаб кенгашлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Шунингдек, биз Корея ва Ўзбекистон физиклар жамиятларининг ривожланишига кўмаклашиш мақсадида келгусида ҳамкорлик ва алмашинув дастурини давом эттирмоқчимиз. Бу муносабатлар келгуси йилларда ҳам икки мамлакат олимларини бирлаштириб бир-бирини қўллаб-қувватлаган ҳолда фаннинг янги чўққиларни забт этишга ёрдам беради, деб умид қиламан.

    Сердар Ўзчэлик, Туркиянинг Измир технология университети профессори:

    - Ота юртимизда ўтказилаётган конференцияда иштирок этаётганлигимдан хурсандман. Мазкур тадбирга профессор Анвар Зоҳидов таклифига биноан келдим. Мен ҳам физик ҳам кимёгарман. Тадқиқот ишларим квант нуқталари, хоссалари уларнинг синтезлашуви билан боғлиқ. Анжуман юқори савияда ўтмоқда. Тадбир иштирокчилари билан биргаликда илмий ишлар олиб боришни режалаштирдик… Самарқанддаги “Квант” маркази билан ҳамкорликда иш олиб боришга доим тайёрмиз. Конференциядан аввал Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчи ва талабаларига “Карбон нуқталарнинг (квант нуқталар) биотиббиётда тадқиқи” мавзусида маъруза қилдим. Улар маърузамга қизиқиш билдирганидан миннатдорман.

    Ралп Ҳегер, Германиянинг Дрезден техника университети профессори:

    - Германиядан Ўзбекистонга СамДУ даги халқаро конференцияда иштирок этиш ва Паркент туманидаги катта қуёш печини таъмирлаш учун келдим. Қолаверса, ўзбекистонлик олимлар билан келгусида кимё саноати учун металл эритиш бўйича қуёш иссиқлик энергияси станциялари қуриш режалари устида ҳам ишламоқдаман. Ўзбекистон ўз ҳудудидаги мавжуд қуёш ресурслари орқали иқтисодий саноатлашиш бўйича улкан салоҳиятга эга. Жорий йилнинг ёз ойларида Самарқанд ва Навоий вилоятларида бундай иншоотларни барпо этиш режалаштирилмоқда.

    Завқиддин Миртошев, СамДУ Муҳандислик физикаси институти доценти:

    - Ҳозирги вақтда материалларнинг энг истиқболли соҳаларига наноматериаллар, фотоник кристаллар ва бошқалар киради, - дейди - Бу бирикмалар орасида перовскитлар алоҳида ўрин тутади. Ушбу турдаги структуралар таркибидаги бирикмалар хилма-хиллиги билан ажралиб туради. Уларнинг кристалл тузилиши даврий тизимнинг деярли барча элементларини ўз ичига олиши мумкин. Ушбу хилма-хиллик туфайли перовскитлар амалда кенг кўламли фойдаланиш хусусиятларига эга. Ҳозирги вақтда перовскит асосидаги қуёш элементлари таннархининг арзонлиги, технологиянинг мураккаб эмаслиги ва самарадорлигининг юқорилиги билан ажралиб туради. Перовскитларнинг кимёвий таркибининг хилма-хиллиги туфайли уларни хусусиятларини мақсадли равишда ўзгартириш мумкин. Бу эса уларнинг амалда қўлланиш соҳасини кенгайтиради. Хусусан, перовскитлар асосида квант компьютерлари учун кубитлар олиш технологиясини яратиш имконияти мавжуд. Ушбу симпозиумда тақдим этилган маърузалар квант алгоритмлари ва Қ-алоқалар, энергия тизимлари ва технологик жараёнларни квант алгоритмлари билан оптималлаштириш, квант материаллари ва Қ-наноструктуралар, нанокарбонлар ва биологик тизимларни квант сезгиси каби муаммолар ва истиқболларга қаратилган…

Беҳруз ШАМСИДДИНОВ

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими,

Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.