Самарқанд давлат университетига Хитойнинг Шинжон қишлоқ хўжалиги фанлари академияси вице-президенти Алифу Аерши бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Мартабали меҳмон билан Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов учрашди.
Мулоқотда Самарқанд давлат университети ташкил этиладиган Ўзбекистон-Хитой қишлоқ хўжалиги экинлари селекция ва уруғчилиги марказининг асосий мақсад ва вазифалари белгилаб олинди.
Бунда биринчи босқичда Хитойда яратилган ғўза навларини Самарқанд шароитида ўсиб ривожланиши ва ҳосилдорлик кўрсаткичларини синаб кўриш ҳамда ғўза етиштиришда Хитойнинг илғор агротехникасини қўллашга келишилди.
Кейинги босқичларда ғўза ва ғалланинг қурғоқчилик, касаллик ва шўрланишга чидамли, юқори ҳосилдор навларини замонавий ген муҳандислиги усуллари ёрдамида яратиш ишларини бошлаш режалаштирилди. Томонларнинг молиявий кўмаги ва ҳамкорликда олинадиган халқаро грантлар ҳисобига замонавий ген муҳандислиги лабораториясини ташкил этишга келишилди.Хитой ғўза навларини Самарқанд шароитида синаш ишлари 2025-йилнинг март-апрел ойларида бошланадиган бўлди.
Маълумот учун, Самарқанд давлат университети олимлари 2024-йилнинг июн ва сентябр ойларида Хитойнинг Шинжон қишлоқ хўжалиги фанлар академияси ва Шимоли-ғарбий қишлоқ хўжалиги ва ўрмончилик университетига 3 маротаба илмий сафар уюштирган эди. Мазкур таълим муассасалари олимлари билан ғўза ва буғдойнинг ҳосилдорлигини ошириш ҳамда экстремал шароитларга мослашган янги навларини яратиш бўйича ҳамкорлик шартномалари имзоланган эди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.