АГРEССИЯ
Шахсга доир индивидуал тараққиёт самарасини ҳамда шахслараро муносабатларни белгиловчи хулқ-атвор ва хатти-ҳаракатларнинг энг муҳим хусусиятларидан бири агрессивликдир. Агрессия – бу одамлар, одамлар гуруҳига нисбатан жисмоний ва руҳий зарар етказишга қаратилган индивидуал ёки жамоавий хатти-ҳаракатлар мажмуи ҳисобланади. Бугун инсоният тарихи ишончли тарзда шуни исботламоқдаки, агрессия шахс ва жамият ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Бундан ташқари, агрессия улкан тортишиш кучи ва юқумлилик хусусиятига эга – кўпчилик ўзининг агрессив эканини инкор этади, аммо ўзининг кундалик ҳаётида эса, уни кенг намойиш қилади. Айнан агрессив хулқ-атвор шахслараро низоларнинг вужудга келишига ва уларни ҳал этишнинг асоссиз йўллари пайдо бўлишига олиб келади.
Ижтимоийлашув – индивиднинг ижтимоий тажрибани ўзлаштириш жараёни ва фаоллиги бўлиб, бу ўз навбатида мулоқот ва фаолиятда намоён бўлади. Ижтимоийлашув жараёни жамиятдаги турли ўзгаришлар ва мақсадга йўналтирилган тарбия натижасида стихияли тарзда кечади. Ижтимоийлашув жараёнини турли психологик илмий мактаблар турлича таҳлил қилганлар: 1) необихевиоризм намояндаларининг фикрича, ижтимоийлашув – бу ижтимоий ўрганишдир; 2) интеракционизм вакилларининг фикрича, ўзаро таъсирлар натижаси; 3)гуманистик психология вакилларининг таърифлашича, «Мен» концепциясининг намоён бўлишидир.
Ижтимоийлашув серқирра жараён бўлиб, юқорида келтирилган психологиянинг илмий мактаблари намояндалари унинг фақат бир томонигагина асосий урғу берадилар. Ҳозирги кунда жаҳон психологлари ижтимоийлашув муаммосини ижтимоий хулқ-атворни бошқаришнинг диспозицион концепцияси нуқтаи назаридан кўриб чиқишга ҳаракат қилмоқдалар. Бу концепция шахслараро муносабатларга кириша олиш даражасига боғлиқ ижтимоий хулқ-атворни бошқариш тизимини таҳлил қилувчи диспозициялар иерархиясини ўз ичига қамраб олади.
Инсонлардаги шахслараро муносабатларда намоён бўлувчи хулқ-атвор типларидан бири агрессиядир. «Агрессия» тушунчасига изоҳ бериш қатор қийинчиликларни туғдиради, чунки бу атама кўплаб хатти-ҳаракат шаклларини ифодалайди. Одамлар бирон кимсани агрессив шахс сифатида тавсифлаганларида, уни бошқаларни ҳақорат қилувчи ёки бадфеъл, барча нарсани ўзи истаганидек қилишни истайдиган ёки ўз ғояларини қатъий ҳимоя қиладиган, ечими йўқ муаммолар гирдобига ўзини гирифтор қила- диган инсон каби таърифларни келтиришлари мумкин.
Инсоннинг агрессив хатти-ҳаракатларга мойиллигини турлича тушунтиришга қаратилган дастлабки нуқтаи назарлар ичида У.Макдауголл, З.Фрейд, Г.Маррей ва бошқа олимларнинг «инсон ва ҳайвонларда агрессиянинг туғма инстинкти мавжуд бўлади», деган қарашларидир. Агрессив хулқ-атвор ҳақидаги фикр-мулоҳазалар ХХ асрнинг бошларида фрустрация назарияси билан боғлиқ равишда юзага келди. Унга кўра, агрессивлик фрустрациянинг оқибатидир.
Бундай қарашни биринчи бўлиб Ж. Доллард илгари сурди. Аммо, ушбу икки хил нуқтаи назар ҳам амалиётда ўз тасдиғини топмади.
Агрессив хулқ-атвор хусусидаги яна бир нуқтаи назар Л.Берковичнинг ижтимоий билиш назариясида баён қилинган. Унга кўра, мақсадга йўналтирилган фаолият давомида вужудга келадиган тўсиқ шахсда агрессив хатти-ҳаракатларни ҳосил қилади. Ниҳоят, агрессив хулқ-атворнинг келиб чиқиш сабаблари ҳақидаги энг замонавий нуқтаи назар билишнинг когнитив назарияси билан боғлиқ ҳолда ифодаланади. Бу концепцияда агрессив ҳаракатлар қуйидаги жараёнларнинг натижалари сифатида баҳоланади:
1.Субъектнинг ўз агрессив хулқ-атворини ижобий деб баҳолаши;
2.Фрустрациянинг мавжудлиги;
3.Аффект ёки стресс типидаги эмосионал қўзғалишнинг кучлилиги.
Р. Кратчфилд ва Н. Ливсон агрессиянинг бир-бирини инкор этмайдиган ва бирдай мақбул икки тавсифини келтирганлар. Биринчиси, хулқ-атворнинг зоҳирий (ташқи) аломатларига асосланади: «Агрессия – кимгадир зиён етказувчи хулқ-атворнинг ҳар қандай кўринишидир». Иккинчиси, одамнинг ботиний (ниятлари) билан боғлиқ, яъни инсонни ҳаракатга ундовчи кучлар билан муштарак: «Агрессия – бошқа бир инсонга зиён етказишни мақсад қилиб олган ҳар қандай хатти-ҳаракатдир». Агрессиянинг юқорида зикр этилган тавсифларига монанд тушунчаларга таянган кўплаб психологлар агрессияни мавжудотнинг яшаш учун кураш билан боғлиқ узвий хусусияти деб ҳисоблайдилар.
Д.Басс таклиф этган таърифлардан бирига кўра, бошқалар учун хавф туғдирувчи ва уларга зиён етказувчи ҳар қандай феъл-атвор агрессиядир.
Бир неча таниқли тадқиқотчилар томонидан таклиф этилган иккинчи таъриф эса қуйидагича: у ёки бу ҳаракатлар агрессия сифатида таснифланиши учун улар охир-оқибат хафа қилиш ёки ҳақоратлашга олиб келиши эмас, балки хафа қилиш ва ҳақоратларни мақсад қилиб қўйиши лозим. Ниҳоят, учинчи нуқтаи назар Х.Зилман томонидан билдирилиб, унга кўра, агрессия ўзгаларга тан жароҳати ва бошқа жароҳатлар етказиш демакдир. «Агрессия» тушунчасининг талқинидаги келишмовчиликларга қарамай, ижтимоий фанлар соҳасидаги кўплаб мутахассислар унинг иккинчи нуқтаи назарда баён этилган маъносига кўпроқ таянадилар.
Шундай қилиб, ҳозирда кўпчилик психологлар томонидан «агрессия – бошқа тирик жонзотга у буни истамаган вазиятда ҳақорат ёки зиён етказишни мақсад қилиб қўйган феъл-атворнинг ҳар қандай шакли», деган таъриф қабул қилинган. У агрессияга эмоция, мотив ёки кўрсатма сифатида эмас, балки феъл-атвор модели сифатида қарашни тақозо этади. Бу муҳим фикр кўплаб чалкашликларни туғдирди. «Агрессия» атамаси кўп ҳолларда ғазаб каби салбий ҳис-туйғулар, ҳақорат қилиш ва зиён етказиш каби мотивлар, ҳатто ирқий ва этник хурофот билан ассоциацияланади. Бу омиллар натижаси зарар етказиш бўлган феъл-атворда муҳим роль ўйнашига қарамай, улар бундай ҳаракатлар учун асос бўла олмайди.
Ғазаб бошқаларга тажовуз қилиш учун асло зарурий шарт ҳисобланмайди, агрессия ўта совуққонлик ҳолатида қанча юзага келса, шунча ўта эмоционал ҳаяжон ҳолатида ҳам содир этилади.
Шунингдек, агрессорларнинг улар тажовуз қилаётган шахслардан нафратланиши ёки уларни ёқтириши умуман шарт эмас. Кўпчилик одамлар ўзлари ёқтирган инсонларга зулм ўтказадилар. Инсон агрессиясининг турли-туманлиги ва тубсизлигидан келиб чиқиб, мазкур феъл-атворни ўрганишда асос томонидан таклиф этилган консептуал чегараланиш жуда фойдали эканлиги аён бўлди. Д.Басснинг фикрича, агрессив ҳаракатларни учта шкалага асосланган ҳолда тасвирлаш мумкин: жисмоний – вербал, фаол – суст ва тўғри эгри. Уларнинг комбинациялари саккизта эҳтимолга яқин категорияларни бериб, улар асосида кўплаб агрессив ҳаракатларни тушунтириш мумкин.
Мухтасам Сулаймонов
Самарқанд давлат университети
психология ва ижтимоий муносабатлар факультети ўқитувчиси