Самарқанд давлат университети ва Хитойнинг Шимоли-ғарбий қишлоқ хўжалиги ва ўрмончилик университети ўртасида илмий-тадқиқот алоқалари мустаҳкамланиб бормоқда. Ушбу университетда сафарда бўлган СамДУ олимлари буғдой бўйича ҳамкорликни кучайтириш бўйича қатор келишивларга эришди.
Генетика ва биотехнологиялар кафедраси мудири Фарид Рўзиев Хитойнинг мазкур университетида буғдой тадқиқотлари бўйича замонавий илмий-тадқиқот лабораториялари ва дала тажриба майдонлари фаолияти билан танишди. Етакчи олимлар томонидан янги буғдой навларини яратиш бўйича олиб борилаётган илғор тадқиқотлар ва уларнинг натижаларини муҳокама қилди. Дон сифати ва биокимёвий таҳлили, қишлоқ хўжалиги экинларининг стресс омилларга чидамлилиги ва физиологик ўзгаришлари, мутантларни олиш, молекуляр генетик таҳлиллар, ҳужайра културалари билан ишлаш бўйича олиб борилаётган тадқиқот натижаларига алоҳида аҳамият қаратилди.

Олиб борилган қатор учрашувлар ва музокаралар натижасида Шимоли-ғарбий қишлоқ хўжалиги ва ўрмончилик университетининг Агрономия факултетида мавжуд илмий лабораториялар билан ҳамкорлик ишларини кучайтиришга келишилди. Бу борада СамДУнинг докторант ва ёш тадиқиқотчиларининг ушбу лабораторияларда диссертация ишларини амалга оширишлари бўйича келишувларга эришилди.

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.