Ассалому алайкум!

    Азиз дўстлар!

    Муҳтарам Туркиялик ҳамкорларимиз!

    Қадрли ҳамкасблар!    

    Бугун биз тарихий воқеага гувоҳ бўлиб турибмиз. Туркиялик қардошларимиз билан биргаликда Ўзбекистонда биринчи бўлиб, Самарқанд давлат университетида Туркология илмий-тадқиқот институтига асос солинмоқда.

    Самарқанд давлат университетининг Туркология илмий-тадқиқот институти Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған тиклаган азалий қардошлигимизнинг рамзи бўлиб қолишига ишонаман.

    Самарқанд бугун, нафақат илм-фан маркази, балки турк дунёсининг ҳам пойтахтига айланмоқда. Самарқанд давлат университетида туркология фанининг ўзига хос мактаби мавжудлигини ҳам алоҳида эътироф этиш менга мамнуният бағишлайди.  

    Мен ишонаман, бугун очилаётган институт замонавий туркология фанини тадқиқ этадиган муҳим даргоҳга айланади.

    2016 йилдан бошлаб, Самарқанд давлат университети Туркиянинг 20 га яқин нуфузли олий таълим муассасалари билан алоқа ўрнатиб, амалий ишлар олиб бормоқда. Бугун СамДУ да Туркиялик докторантларнинг илмий изланишлар олиб бораётгани, Туркиялик профессор-ўқитувчилар филология факультети талабаларига дарс ўтаётгани ҳам фикримиз далили бўла олади.

    Туркология илмий-тадқиқот институтини очилишини муқаддас Рамазон ойига тўғри келганида ҳам ҳикмат бор, албатта.

    Туркология илмий-тадқиқот институтининг очилиши ўзбек тилшунослигининг Самарқанд мактаби асосчилари, Ўзбекистон Республикаси фан арбоблари Улуғ Турсунов, Раҳматулла Қўнғуров, профессорлар Ҳамдам Бердиёров, Худойберди Дониёров, Бозорбой Ўринбоев, Абдужаббор Мухторов, Ваҳоб Эгамов, Назар Ражабов, Носир Абдураҳмонов, Бекмурод Йўлдошевларнинг руҳини шод этишига ишонаман.

    Бугун Самарқанд туркология мактабига филология фанлари доктори, профессор, Турк тилшунослик жамияти мухбир аъзоси Жўлибой Элтазаров раҳбарлик қилмоқда.

    Мен Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Истанбул ҳамда Мармара университетлари ректорлари, ТИКА агентлиги раҳбариятига ўз миннатдорлигимни билдираман.

    Самарқанд давлат университетининг Туркология илмий-тадқиқот институти эшиклари мазкур соҳа билан шуғулланувчи барча дўстларимиз, ҳамкорларимиз учун очиқ.

    Мен янгидан ташкил этилган институт фаолиятига муваффақиятлар тилайман!

 

Рустам Холмуродов,

Шароф Рашидов номидаги

Самарқанд давлат университети ректори,

профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси.