Самарқанд давлат университети олимлари ўрта асрлар даврига оид шаҳар кўринишига эга ёдгорлик ҳудудида қазиш ишлари олиб бормоқда
Самарқанд вилояти Самарқанд туманида жойлашган ўрта асрлар даврига оид Навбоғтепа ёдгорлигида Самарқанд давлат университети тарих факультети олимлари ва талабалари археологик қазиш ишларини олиб бормоқда.
Мазкур қазиш ишлари олимларнинг илмий тадқиқотлари доирасида олиб борилаётган бўлса, археология йўналиши талабалари ўз амалиётини ушбу ҳудудда ўтамоқда.
- Қазиш ишлари натижасида шаҳар кўринишига эга бўлган архитектура қолдиқлари аниқланди, - дейди СамДУ археология кафедраси докторанти Акбар Назаров. – Биз дастлаб хом ва пишган ғиштдан қурилган уй-жой қолдиқларини, кулолчилик буюмлари, сопол идишлар, зеб-зийнат буюмлари, супа ва ўчоқ қолдиқларини аниқлашга муваффақ бўлдик. Ҳудудда археологик қазиш жараёнлари давом этмоқда.
Маълумот учун, мазкур ҳудудда 2019 йилда Самарқанд давлат университети олимлари Археология институти ходимлари билан ҳамкорликда дастлабки қазиш ишларини олиб борган эди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.