Самарқанд давлат университети зоология кафедраси доценти Жасур Қудратов “Ғарбий Помир-Олой тоғлари системасининг қориноёқли моллюскалари” мавзусидаги докторлик диссертацияси (DSc) устида илмий тадқиқот олиб бормоқда. Илмий маслаҳатчилари Самарқанд давлат университети профессори, биология фанлари доктори Зубайдулла Иззатуллаев.

    - Маълумки, моллюскалар кўплаб умумбиологик муаммоларни ечишда ва ҳудуднинг тарихий шаклланишини аниқлашда жуда қулай объектлардан ҳисобланади, - дейди Жасур Қудратов. - Бир томондан, улар сувости бентос организмлари ва хусусан, балиқлар, сув ва суволди қушлари, сутэмизувчиларга озуқа бўлиб хизмат қилса, иккинчидан, сув ва тупроқнинг биоиндикаторлари сифатида, уларнинг санитар ҳолатини аниқлашда ҳам иштирок этади. Моллюскаларнинг қаттиқ чиғаноқлари қадимий ер қатламларида яхши сақланиб, палеоклиматология ва стратиграфияда индикатор организмлар ролини бажаради. Уларнинг хўжаликдаги аҳамияти ҳам ниҳоятда каттадир. Моллюскаларнинг ўнлаб турлари: уй ва овланадиган ҳайвонлар, балиқлар ва қушлар, ҳатто инсон учун ҳам оғир гельминтоз касалликларнинг сабабчилари бўлган, гельминтлар учун оралиқ хўжайиндир. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Жанубий қориноёқли моллюскаларининг турлар таркиби, биоэкологик хусусиятлари, ўзгарувчанлиги, турли сув ва қуруқлик биоценозларида тарқалиши, зоогеографияси, келиб чиқиши ва хўжаликдаги аҳамиятини ўрганиш илмий ва амалий аҳамият касб этади. Биз томонимиздан олиб борилган тадқиқотларда, Ғарбий Помир-Олой тоғлари системасининг қориноёқли моллюскалари таксономик, экологик ва аҳамияти жиҳатдан батафсил тадқиқ этилиб, кенг тарқалган турларнинг биологияси ва ҳаёт цикли тавсифланди. Бир нечта Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳудуди учун янги турлар аниқланди. Шунингдек, 5 та турни Ўзбекистон “Қизил Китоби”га киритиш тавсия этилди.

    Бугунги кунгача олиб борилган тадқиқотлар натижасида тадқиқотчи томонидан 10 дан ортиқ илмий мақолалар, шу жумладан, 2 та мақола Scopus базасидаги нуфузли хорижий журналларда, 15 дан тезислар ортиқ халқаро ва республика конференция материалларида чоп этилган. Жасур Қудратов малокологик тадқиқот натижалари асосида яратилган 1 та монография муаллифидир.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.

Шавкат Акрамов олган суратлар.