“Самарқанд тарихи янгича нигоҳда қайта кашф этилади…”

Самарқанд давлат университетига Австрия фанлар академияси Эроншунослик ва Марказий Осиё илмий-тадқиқот институти директори, профессор Флориан Шварс ташриф буюрди. Меҳмонни Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов қабул қилди. Ташрифдан асосий мақсад, икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва Самарқанд тамаддуни тарихини биргаликда ўрганишдир.
Учрашувда томонларнинг таклиф ва фикрларидан келиб чиқиб, ўзаро ҳамкорликни янги сифат босқичига кўтариш, амалий ишларни янада жонлантиришга юқори илмий салоҳият билан ёндашиш масалалари кўриб чиқилди. Самарқанд тарихи бўйича мавжуд қўлёзма манбалардан самарали фойдаланиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
– Бугунги ташриф ва келишув Самарқанд тарихини ўганиш соҳасида том маънода, янги қадамдир, - дейди СамДУ ректори Рустам Холмуродов. - Шу кунгача бу борада олиб борилган энг катта тадқиқотлар шўро даврида ҳукмрон ижтимоий тузум манфаатларига мослаштирилган ҳолда амалга оширилган. Бунинг оқибатида айрим ҳақиқатлар очиқланмай қолган. Энди бутун дунёнинг Самарқанд тарихи бўйича мавжуд манбалари қайта ўрганилади, Самарқанд тарихи янгича нигоҳда қайтадан кашф этилади. Бу борада Марказий Осиё, Яқин Шарқ, умуман, Буюк Ипак йўли ўтган ҳар бир ҳудудга тегишли маданий ёдгорликлар ва Самарқанд тарихи бўйича изланиш олиб борган тарихчи олимларни жалб қилиш муҳим.
Самарқанд давлат университети қўлёзмалар фондида сақланаётган манбаларнинг электрон каталогини яратиш, бу ишларга университет талабалари, магистрантлари, докторантлари, ёш ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда Австрия ФА тизимидаги тажрибали олимларининг маҳорат дарслари ташкил этиш бўйича ҳам келишувга эришилди. Мазкур келишув Эроншунослик ва Марказий Осиё илмий-тадқиқот институти билан Халқаро стандартларга жавоб берадиган тарихчи, манбашунос, матншунос, тилшунос мутахассислар тайёрлаш йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйиш, ҳар иккала томон ёш олимларига номзодлик ва докторлик иши мавзуларини танлашда СамДУ қўлёзмалар фондида сақланаётган, жаҳон илмий жамоатчилиги учун қизиқ бўлган манбалардан фойдаланиш имкониятларини яратади. Шу билан биргаликда Австрия ФА Эроншунослик институти профессорлари билан СамДУ тадқиқотчиларига илмий раҳбарлик ва стажировка йўналишида алоқалар йўлга қўйилади. Шунигдек, пандемия ва ундан кейинги даврда икки томон тарихчи олимлари ўртасида онлайн шаклда олиб борилган ҳамкорлик ишларининг натижаси сифатида “Самарқанд шаҳри куни”га қадар Самарқанд тамаддуни тарихига бағишланган кўргазма ташкил этиш масалаларида ҳам келишувга эришилди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.