Самарқанд давлат университетида адвокатлик фаолияти мутахассислиги 2021 ўқув йилида ташкил этилган бўлиб, бир йиллик ўқув режа асосида 6 нафар магистрант диссертацияларини ҳимоя қилди.

    Ушбу магистрлик диссертация ҳимоясига Самарқанд вилояти адлия бошқармаси мутасаддилари, иш берувчи корхона ва ташкилот раҳбарлари иштирок этди.

    - Бугун Самарқанд давлат университетида тарихий кун. Адвокатлик фаолияти мутахассислиги бўйича илк қалдирғочлар магистрлик диссертацияларини ҳимоя қилмоқда, - дейди Самарқаанд вилояти адлия бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари, доцент Озод Зикраев. – Ушбу ҳимояда мен раис сифатида иштирок этяпман. Адвакатлик фаолияти нафақат вилоят, балки республикада кенг эътибор берилган ҳуқуқий соҳа ҳисобланади. Бугунги ҳимояда гувоҳ бўлиб турибманки, магистрларимиз томонидан адвокатлик соҳасидаги муаммолар, уларни ҳал қилиш, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар берилмоқда. Бу таклифлар келгусида қонунчилик базасини такомиллаштиришга туртки беради деб ўйлайман…

    - “Малакали юридик ёрдам олишга бўлган конституциявий ҳуқуқини таъминлашда адвокатуранинг ўрни Ўзбекистон амалиёти ва халқаро тажриба” мавзуси бўйича магистрлик диссертациясини ҳимоя қилдим, - дейди Жаҳонгир Ўроқов. – Илмий раҳбарим ҳуқуқшунослик ва ҳуқуқ таълими кафедраси мудири, доцент Давлат Қувватов.  Тадқиқотимда малакали юридик ёрдам олишга бўлган Конституциявий ҳуқуқни таъминлашда адвокатуранинг ўрни ва аҳамиятини, яъни тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланганлиги ёритдим. Адвокатларнинг суд ишларидаги вакил сифатидаги иштироки ролини ошириш зарурлиги ва бу билан боғлиқ бир қатор норматив ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши кераклигини илмий асослаб беришга ҳаракат қилдим…

Беҳруз ШАМСИДДИНОВ

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими,

Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.