Ижтимоий тармоқларда Самарқанд давлат университети сиртқи бўлими декани талабалардан пора олаётганлиги тўғрисида асоссиз, нохолис тарқатилган хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:

    Самарқанд давлат университетида сиртқи (махсус сиртқи) бўлими мавжуд бўлиб, бўлим бошлиғи томонидан бошқарилади. Ушбу бўлим сиртқи таълим шаклида таҳсил олувчи талабаларнинг дарс жараёнларини ташкил этиш, уларни ўқиш ва имтиҳон вақтлари тўғрисида хабардор қилиш каби масалалар билан шуғулланади. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, сиртқи бўлимда фан ўқитувчилари фаолият юритмайди. Барча ўқитувчилар ихтисослигига кўра университетнинг турли кафедраларидан жалб этилади.

    Самарқанд давлат университетида сиртқи шаклда таҳсил олувчи талабаларнинг якуний назоратларини текширишда СамДУ профессор-ўқитувчилари деярли иштирок этмайди. Ишлар, асосан, қўшни вилоятлардаги олий таълим муассасаларига юборилади. Текширилган якуний назорат ишлари қабул қилиниб, талабаларга эълон қилинади.

    Агарда талаба якуний назоратдан ўта олмаса ёки олган баҳосидан норози бўлса, тегишли тартибда апелляция учун ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

    Самарқанд давлат университети мазкур хабарни тарқатганларга ахборотни оммага ҳавола этишдан олдин уни текшириб, чуқур таҳлил қилган ҳолда эълон қилиш лозимлигини эслатиб ўтади. Зеро, ҳар бир нотўғри тарқатилган хабар учун қонуний жавобгарлик белгиланган.

    Шунингдек, айрим ўқишни хоҳламасдан турли қинғир йўллар орқали якуний назоратдан ўта олмаган талабаларнинг ҳиссиётга берилиб юбораётган хабарларига ишониб қолмасликларини сўрайди.

    Самарқанд давлат университети маъмурияти университет ҳақида тарқатилган ҳар қандай ёлғон хабар ва маълумотларни кескин қоралайди. Жамоатчилик ўртасида салбий фикр уйғотишга бўлган ҳар қандай уринишлар бўйича қонун доирасида эътироз билдиради.

    Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати барча ОАВ учун очиқ. Университет тўғрисида сиз учун зарур бўлган ахборотларни бевосита олишингиз мумкин. Бу борада ҳамкорлик қилишга тайёрмиз!

 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.