Самарқанд давлат университетида “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли”ҳафталиги доирасида давра суҳбати ўтказилди...

Самарқанд давлат университетида “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” ҳафталиги доирасида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебинисо Раҳмонова, Самарқанд давлат университети ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Шаҳзода Негматова ҳамда СамДУ ихтирочи аёллар ва олималар жамоатчилиги иштирок этди.
Давра суҳбатини вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебинисо Раҳмонова кириш сўз билан очиб, сўнгги йилларда илм-фан ва инновация соҳасида фаол иштирок этаётган, янги ихтиро ва стартап лойиҳалари билан жамоатчилик эътирофига сазовор бўлган аёллар фаолияти ҳақида тўхталди. Жамиятда тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётган аёлларнинг илм-фан соҳасида ҳам ўз ўрнига эга бўлишлари лозимлигини таъкидлаб, “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” ҳафталиги бу борада муҳим қадам бўлаётганини айтиб ўтди.
- Илм-фан ва инновация соҳасида эришилган ҳар бир ютуқ, кашф этилган ҳар бир ихтиро нафақат инсон, балки у орқали давлат ва жамият тараққиётига хизмат қилади, - дейди СамДУ ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Шаҳзода Негматова. - Бу каби тадбирлар ушбу соҳада аёллар ўрнини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Самарқанд давлат университетида бугунги кунда 296 нафар аёл профессор-ўқитувчилар фаолият юритаётган бўлса, шундан 6 нафари фан доктори, 54 нафари фан номзоди, 43 нафари фалсафа доктори, 4 нафари кафедра профессорларидир. Сўнгги йилларда СамДУ олималари томонидан ишлаб чиқилаётган инновацион лойиҳа ва ғоялар, берилаётган таклифлар республика жамоатчилигини бефарқ қолдираётгани йўқ. Ушбу ҳафталикда иштирок этаётган 100 аёл ихтирочидан 15 нафари Самарқанд давлат университети аёл олималари ва талабалари ҳисобланади.
Шунингдек, тадбир давомида интеллектуал мулк объектларига муҳофаза ҳужжатларини олиш тартиблари бўйича ўқув-семинар дарслари ташкил этилиб, унда ихтирочи аёллар учун интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш, патент олиш бўйича тушунтиришлар берилди. Шундан сўнг давра суҳбати иштирокчилари ихтирочи ва тадбиркор аёллар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, улар томонидан яратилган, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни патентлаш, ташқи бозорларга олиб чиқиш бўйича фикр ва таклифларини муҳокама қилди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.