Самарқанд давлат университети археологик экспедициясининг сўнгги илмий янгиликларидан хабардормисиз?
1944 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган мазкур археологик экспедициянинг Республикамиз мустақиллиги йилларида амалга оширган тадқиқотининг объекти Зарафшон, хусусан Ўрта Зарафшон воҳаси Қоратепа тоғ тизмаси шимолий ёнбағрида жойлашган тош даври ёдгорликлари ҳисобланади. Айни кунда 30 дан ортиқ ёдгорликлар аниқланиб, археологик харитага олинган ва улардан 10 га яқинида археологик қазишма ишлари олиб борилган. Хусусан, 2017 йилдан Сазоғон 3 неолит ёдгорлиги тадқиқоти давом эттирилмоқда. Ушбу тадқиқотлар марҳум профессор. Мавлон Жўрақулов илмий раҳбарлигида ва бевосита Нормуҳаммад Холматов ижрочилигида хориж мутахассислари (М.Тоси, А.В,Виноградов, В.А.Ранов, К.Шимчак, Ф.Брунет, С. Мантелини) ҳамда кафедра ўқитувчилари, таянч докторантлари, магистрлари ва бакалаврлар иштирокида амалга оширилган. Қўлга киритилган катта ҳажмдаги археологик ашёлар кафедра қошидаги археология музей лабораторияси кўргазмаларида ўрин олган.
Мазкур ёдгорликлар тадқиқоти натижалари ва илмий янгилигини Ўзбекистон тош асри археологияси фани равнақига қўшилган ҳисса сифатида қуйидагича келтириш мумкин:
1.Ўрта Зарафшон воҳасида ўрта палеолит даврига оид ёдгорликлар (Олмабулоқ) тадқиқоти манбалари асосида воҳа миқёсида антропогенез масаласига ойдинлик киритилди.
2. Воҳанинг тош даври ёдгорликлари тадқиқотида палеогеографик, палеогеологик, гидро-морфологик ҳамда замонавий физико-географик соҳалар борасида қимматли маълумотлар қўлга киритилишига эришилди.
3. Республикамиз мустақиллиги йилларида Сазоғон 1 мезолит макони тош қуроллари типологик таҳлилига нисбатан янгича ёндошув, янги Қоракамар, Очилғор макони кашф этилиб, қўлга киритилган манбалар воҳанинг мезолит даври жамоалари моддий маданияти тўғрисида муҳим маълумотлар берди. Шу асосда Зарафшон воҳаси тош асри жамоалари маданияти тизимида яқин йилларгача номаълум бўлиб турган мезолит даври маданий бўғини аниқланиб (Чорбақти мезолит ёдгорликлари, Сазоғон 1, Қоракамар, Очилғор макони пастки мезолит маданий қатлами-мил.авв. ХI-IХ- минг йилликлар), илмий асосланишига эришилди.
4. Ўрта Зарафшон воҳаси Қоратепа тоғ массиви шимолий ён бағри тош даври ёдгорликларининг тадқиқоти асосида мазкур ҳудуд тош даври жамоалари моддий маданиятини ўрганишда ўзига хос “микро-маданий воҳа” бўлганлиги аниқланди. Буни тадқиқ этилган Олмабулоқ мусте даври ёдгорлиги, Очилғор макони пастки маданий қатлами (мил.авв. ХI-IХ минг йилликлар; Қоракамар, Сазоғон 1- мезолит даври сўнгги босқичи (мил.авв. 8-7 минг йиллик), Очилғор макони устки маданий қатлами, Сазоғон 2 - неолит (мил.авв. 7-5 минг йиллик), Тепақул 4- неолит (мил.авв. 6-4 минг йиллик), Жангал 1, Тепақул 3 – неолит (мил.авв. 5-3 минг йиллик) каби ёдгорликлар тарихий тараққиёт босқичлари кетма кетлигида кўрсатиб турибди. Шу асосда тош асри жамоалари маданияти узвийлиги, унинг автохтонлиги (жойли, тагли-тугли, маҳаллий) масаласи ҳам ўз ечимини топди.
5. Сазоғон маданияти Ўрта Осиё ҳудуди неолит даври маданиятлари тизимида мустақил маданият сифатида илмий асосланиб, маданиятнинг келиб чиқиши тарихий илдизи аниқланди. Бу илдиз Самарқанд макони, Чорбақти мезолит ёдгорликлари, Сазоғон 1, Қоракамар, Очилғор макони пастки мезолит даври маданий қатлами моддий маданияти негизида шаклланганлиги исботланди. Шу ўринда, айтиш жоизки, ҳозирги кунда мавжуд археологик манбалар таҳлилига янгича ёндошув, янги археологик манбаларнинг қўлга киритилиши Қизилқум, Қуйи Зарафшон воҳаси мезолит (Чорбақти ёдгорликлари), неолит жамоалари (Эчкиликсай, Аякагитма, Дарёсой, Чорбакти. Маҳандарё, Ҳўжайли ёдгорликлари) маданиятининг келиб чиқиши илдизлари масаласини қайта кўриб чиқиш заруриятини кун тартибига қўйди. Шу нуқтаи назардан, манбалар таҳлили асосида айни кунда мазкур маданиятлар (бу ёдгорликлар тош индустриясида Ўрта Осиё тоғ ва тоғ ён бағри палеолит, мезолит жамоаларига хос бўлган хусусиятлар мавжуд) Самарқанд макони жамоалари маданияти негизида, автохтон тарзда шаклланганлиги ҳақидаги хулосани билдириш ўринли.
6. Сазоғон 1,2, Жангал 1, Тепақул 3,4, Очилғор маконлари топилмаларига таяниб (қадама қуроллар, микролитлар, ёрғучоқлар ҳамда донни эзиш билан боғлиқ бўлган тош буюмлар), Ўрта Зарафшон воҳаси Қоратепа тоғ тизмаси шимолий ён бағри йирик сойларининг ён қайирларида (қуёш тик тушадиган, созлов тупроқли қатламга эга бўлган) илк деҳқончилик хўжалиги шакллана бошлаганлиги тўғрисида маълумот бериш мумкин.
7. Сазоғон маданиятига оид маконлар тадқиқотида Сазоғон неолит жамоаларининг қўшни Калтаминор (Қуйи Аму ва Зарафшон, Қизилқум), Марказий Фарғона ҳамда Ҳисор (Тожикистон ҳудуди) жамоалари билан ўзаро маданий алоқада бўлишганлигини билдирувчи маълумотлар (тош индустрияси, сопол буюмлар, тош қуроллари хом ашёсида) кузатилди.
8.Сазоғон маданияти ёдгорликлари тизимида Очилғор маконидан айлана ҳолатда ёнма-ён жойлашган ўчоқ қолдиқлари, ҳайвон суяги қолдиқлари уюмлари, шунингдек улар билан боғлиқ ҳолда айлана шаклдаги тош қурилмалари ва бу қурилмалар оралиғидан улоқчанинг бутун ҳолатдаги гавдаси топилди ва улар биргаликда диний эътиқод комплекси сифатида таҳлил этилиб, Ўзбекистон археологияси фанига киритилди.
9. Маълумки, соҳа тадқиқотчилари этник жараён, «этнос»нинг шаклланиши бошланишини сўнгги палеолит даври билан боғлашган ва бу жараённи «археологик маданиятлар» мисолида мезолит, неолит даврида янада равшанроқ намоён бўлганлиги, яъни улар том маънода мустақил этник жамоа бирлашмалари бўлишганлигини изланишларида эътироф этишган. Ўрта Осиё миқёсида бу ҳақда В.М.Массон, С.П.Толстов, А.В.Виноградов, У.Исломов, В.А.Ранов, Мавлон Жўрақулов, Нормаҳаммад Холматов каби мутахассислар тадқиқотларида маълумотлар мавжуд. Шу ўринда, Сазоғон неолит жамоаларини ҳам маълум ҳудудда яшаб, қўшни ўзига хронологик жиҳатдан тенгдош бўлган жамоалар тизимида моддий маданиятининг ўзига хослиги билан ажралиб турувчи этник бирикма деб ҳисоблаш мумкин.
Нормаҳамад Холматов
Самарқанд давлат университети
археология кафедраси мудири, профессор