Самарқанд вилояти ҳудудида топилган тош даврига оид ноёб ёдгорликлардан бири Зирабулоқ макони ҳисобланади. Зирабулоқ топилма жойи Зиёвуддин тоғлари этакларидаги шу номли чашма атрофида, Қўтирбулоқ маконидан 1,5 км. шарқроқда, денгиз сатҳидан 475 м. баландликда жойлашган. Ёдгорликни қазиш ишлари 1972, 1978 ва 1984 йилларда Самарқанд давлат университети доценти Неъмат Тошкенбоев томонидан амалга оширилган. Ёдгорлик ҳудудида учта шурф қазилган. Бироқ ёдгорлик ҳақида тўлиқ маълумотлар чоп этилмаган, фақатгина маданий қатламлар ўрта асрлардаёқ бузилиб кетган дейилган холос. Зирабулоқ ҳақидаги маълумотлар археолог Л. Вишняский таъкидланишича, Зирабулоқнинг тош буюмлари Ғарбий Европанинг классик ёдгорликлари материалларига ўхшашдир. Тилга олинган ҳар иккала тадқиқотда ҳам Зирабулоқ, Қўтирбулоқ топилмажойи материалларига ўхшаш ва даврий жиҳатдан унинг билан синхрон, яъни мусте даврига оид деб топилган. Бироқ, археолог Бахтиёр Сайфуллаев томонидан олиб борилган тадқиқотларда ёдгорлик тош буюмлари ясалиш техникасига кўра, ўрта палеолит, сўнгги палеолит ва мезолит даври комплексларига ажратилди.

 

Одил Эргашев,

Самарқанд давлат университети

археология кафедраси доценти