Дарс жараёнларида назария ва амалиёт уйғунлиги

Сўнгги йилларда илм-фан соҳасида таълим сифатини ошириш, таълим жараёнида назария ва амалиётни уйғунлаштириш, ёшларни илмий фаолиятга жалб этиш, инновацион тузилмаларни шакллантириш мақсадида университетлар ва ишлаб чиқариш саноат корхоналари ўртасида самарали ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда.
Самарқанд давлат университети инсон ресурсларини бошқариш факультети битирувчи курс талабалари айрим мутахассислик фанлари бўйича амалиёт машғулотларини “Samarkand Apparel” хорижий корхонасида олиб бормоқда.
-Битирувчиларнинг замон талабларига мос малакали кадрлар тайёрлаш, таълим, фан ва ишлаб чиқариш жараёнини интеграциялаш, ўқув жараёнини замонавий талабларга мувофиқ олиб бориш асосий масала сифатида кўрилаётган бугунги замонда талабаларнинг бевосита ишлаб чиқариш корхоналари иш жараёнлари билан танишишлари муҳим аҳамиятга эга, - дейди СамДУ инсон ресурсларини бошқариш кафедраси ассистенти Азиза Ҳамидова. - Битирувчи курс талабаларини бевосита ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари билан таништириш уларда иш жараёнлари билан боғлиқ тасаввур пайдо қилишга ёрдам беради. “Samarkand Apparel” ишлаб чиқариш корхонаси махсус ишчилар кийимлари тикишга ихтисослашган бўлиб, талабалар корхона иш жараёнларини кузатиш билан бир қаторда, корхонада меҳнат тақсимоти, ходимларнинг биргаликда ишлаш кўникмалари ҳамда ишни тўғри ташкил қилиш бўйича бир қатор фойдали маълумотларга эга бўлдилар. Эндиликда бу каби машғулотларни кўпайтирган ҳолда, битирувчиларни хизмат кўрсатиш корхоналари иш жараёни билан ҳам таништириш мақсадимиз бор.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.