-Самарқанд азал-азалдан илм-маърифат ва дунё тамаддунининг бешиги бўлиб келган, - дейди  Қирол Абдулла номидаги Фан ва технология университети президенти, профессор Тони Чан, - Жаҳонда Ўрта Осиё мутафаккирларидан Абу Али ибн Сино, Хоразмий, Беруний, Фарғоний каби ўз даврининг даҳоси даражасига кўтарилган зотлар ҳурмат билан тилга олинади. Улар қолдирган илмий мерос ҳамон олимларимизнинг диққат марказида бўлиб келмоқда. Саудия Арабистони фан ва технологиялар университети (КАУСТ) халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали тегишли йўналишларни барқарор ривожлантиришни мақсад қилган. Университетимизда бугунги кунда дунёнинг 20 га яқин давлатларидан талабалар таҳсил олмоқда. Самарқанд давлат университетига ташрифимиз чоғида ўзбекистонлик талабалар учун ҳам КАУСТ да ўқиш бўйича имконият яратиш масалаларини кўриб чиқдик. Ўйлайманки, Самарқанд давлат университети битирувчилари ҳамда тадқиқотчилари Саудия Арабистони фан ва технологиялар университетида таҳсил олиш орқали ўз соҳасининг ҳақиқий мутахассиси бўлиш билан бир қаторда, дунё бўйича долзарб бўлган мавзуларда тадқиқотлар олиб бориб, илм-фан оламида янги уфқлар очади.

    Самарқанд давлат университетига Саудия Арабистонидан ташриф буюрган делегация раҳбари, Қирол Абдулла номидаги Фан ва технология университети президенти Тони Чан ўзаро музокараларда айнан ушбу масалаларга тўхталди. Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов мартабали меҳмонларни қабул қилиб, тегишли соҳаларда кенгайтирилган музокара ва келишувлар олиб борди.

    Шунингдек, Рустам Холмуродов бугунги кунда Ўзбекистонни барқарор ривожлантириш учун зарур бўлган бир қатор соҳалар: энергетика, озиқ-овқат хавфсизлиги, атроф-муҳит муҳофазаси, қишлоқ ва сув хўжалиги каби соҳаларда халқаро ҳамкорлик алоқаларини таъминлаш, бу борада КАУСТ профессор-ўқитувчиларини Самарқанд давлат университети илмий салоҳиятини янада кўтариш, фан номзодлари, докторлари тайёрлаш борасида иштирок этиши  учун шароит яратиш, СамДУ тадқиқотчиларини Саудия Арабистонига юбориш масалалари бўйича бир қатор таклифларни илгари сурди. Келишувларга кўра, яқин кунларда Самарқанд давлат университетида Саудия Арабистони фан ва технология тадқиқот университети йўналишлари ва университетда олиб борилаётган тадқиқотлар, таҳсил жараёнлари ёритилган кўргазма ташкил этиш таклифи илгари сурилди.

 

Ирода Бекмуродова,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.