“Адабиёт – ҳаётнинг қоронғу нуқталарини ижод нури билан ёритишга қодир куч...”

Самарқанд давлат университети филология факультети томонидан таниқли ёзувчи Жавлон Жовлиев ҳамда шоир Шуҳрат Ориф иштирокида ижодий учрашув ташкил этилди. Ижодий учрашувда СамДУ филология факультети профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.
“Қўрқма” асари билан ўзбек адабиётига ўзига хос овоз, ўзгача йўл билан кириб келган ёзувчи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Жавлон Жовлиев билан бўлиб ўтган савол-жавоблар ва қизғин суҳбатларда талабалар “Қўрқма” романи ва ёзувчининг ҳозирги кундаги ижоди бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
-Самарқанд ҳар бир ўзбекистонлик учун ифтихор манбайи бўлган шаҳар, - дейди ёзувчи Жавлон Жовлиев, - Дунёнинг қайси чеккасига бормайлик, хорижликлар Ўзбекистонни Самарқанд орқали танийди. Самарқанд азал-азалдан нафақат ижтимоий-сиёсий ҳаёт, балки илм-маърифат ва адабиёт учун ҳам таянч вазифасини бажарган. Адабиёт – ҳаётнинг қоронғу нуқталарини ижод нури билан ёритишга қодир куч. Бу ерга йиғилган ҳар бир адабиётга ошно кўнгилда мана шу нурнинг акси бор. Бугунги учрашувда самарқандлик китобхонларнинг адабиётга бўлган меҳрини кўриб, қувондим. Ҳозирги шароитда адабиётимиз тарғиботи учун бу каби фаол китобхонлик тарғиботи жуда муҳим.
-Самарқандга ҳар гал келганимда Самарқанд давлат университети ёнидан ўтар эканман, бу олий даргоҳнинг ўзига хос шукуҳи, адабиётимизнинг ҳақиқий устунлари бўлган устозларимизнинг шу даргоҳдан етишиб чиққанини эслаб юрагимда ўзгача фахр ва ҳурматни ҳис қиламан, - дейди шоир Шуҳрат Ориф, - Самарқанд давлат университетида ташкил этилган “Шалола” адабий тўгараги бугунги адабиётимизга Карим Баҳриев, Омон Матжон, Ориф Тўхташ, Нодир Жонузоқ каби шахсларни етиштириб берган. Бу тўгарак бошлаб берган адабий-ижодий муҳит ҳали-ҳанузгача барқарор бўлиб, адабиёт оламига умид билан кириб келаётган ёш ижодкорларни етиштирмоқда. Яқинда “Қақнус” клубига ушбу тўгарак аъзоларининг бир гуруҳини таклиф қилган эдик. Уларнинг ижод намуналарини тинглаб бу муҳитнинг мардона шукуҳи ҳали-ҳанузгача яшаб келаётганига амин бўлдим. Бу университетда ўқиётган ҳар бир ёш Самарқанд давлат университетининг довруғи ва шонли тарихи мужассам шундай улуғ номига ўз илми ва ижоди билан ўз изини қолдириши керак.
Ижод сеҳри, адабиёт оташи билан қизғин ўтган учрашувда ўзбек адабиётида ўзига хос ўринга эга, самимий шеърлари билан халқ қалбидан жой олган ижодкор Шуҳрат Ориф ўқиб берган шеърлар даврада ҳақиқий ижодий кайфият яратган бўлса, ёзувчи Жавлон Жовлиевнинг теран мушоҳада уйғотувчи гўзал фикрлари сабаб тингловчилар адабиётга ва китобларга муҳаббат қўйиш, ҳаётга ўткир мулоҳазалар билан боқиш бўйича бир қатор фойдали тавсиялар олдилар.
Ўзбек адабиётида ўзи сўзи ва ўрнига эга бўлган ижодкорлар иштирок этган мазкур ижодий учрашув ижод оламига энди кириб келаётган ёшлар ва адабиёт ихлосмандлари учун ниҳоятда фойдали бўлди.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.