Самарқанд давлат университети ҳамда Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлари университети ҳамкорлиги

-Ўзбекистон ва Венгриянинг тобора ривожланиб бораётган бугунги муносабатларида олий таълим муассасалари ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик муҳим омил бўлиб хизмат қилади, - дейди Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети (МАТE) ректори Чаба Дьюрич, - Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети аграр соҳада эртанги кун мутахассислари тайёрлашда барқарор ривожланиш ва юқори сифатга эришиш учун қишлоқ хўжалиги, атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ландшафтлар, озиқ-овқат хавфсизлиги, шу жумладан сув хўжалиги ва қайта тикланадиган энергиядан фойдаланиш тизимини бошқариш каби йўналишларда илмий-академик ҳамкорликка тайёр. Бугунги кунда университетимиз дунёнинг 60 дан ортиқ давлатлари билан манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Самарқанд давлат университетига ташрифимиз чоғида ушбу масалаларга оид бир қатор амалий таклифлар устида фикр алмашдик. Ўйлайманки, Самарқанд давлат университети билан ҳамкорлигимиз дунё бўйлаб долзарб мавзуларда тадқиқотлар олиб бориш, илм-фан оламида янги уфқ очадиган кашфиёт ва янгиликлар яратиш учун муҳим восита бўлади. Мазкур соҳадаги муносабатлар хавфсиз ва барқарор келажак учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз. Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети ушбу пойдеворнинг бир қисмини яратаётганидан мамнун...
Самарқандда ўтказилаётган Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган Венгрия делегацияси аъзоси, Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети (МАТE) ректори, профессор Чаба Дьюричнинг Самарқанд давлат университетига ташрифи шу каби муҳим масалаларга қаратилган амалий таклифлар бўйича муҳим келишувлар имзоланишига имконият яратди.
Мартабали меҳмонларни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов кутиб олди. Ўзаро музокараларда икки томон учун ҳам муҳим бўлган соҳалар: қишлоқ хўжалиги, агробиотехнология, озиқ-овқат хавфсизлиги, шу жумладан, боғдорчилик ва сабзавотчилик, экология ва иқлим ўзгариши муаммолари каби йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, мазкур соҳаларда кенг миқёсда тажриба алмашиш мақсадида илмий алмашинув лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
-Ўтган йили СамДУда ўтказилган Ўзбекистон-Венгрия ректорлар форумидан сўнг Самарқанд давлат университети Венгриянинг бир қатор нуфузли университетлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган, - дейди Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов, - Мазкур ҳамкорлик доирасида Самарқанд давлат университетининг бир қатор тадқиқотчилари Венгрия университетларига ўқиш ва стажировка учун юборилган. Айни пайтда улар ўз йўналишлари бўйича венгриялик олимлар билан биргаликда тадқиқот олиб бормоқда. Мазкур ташриф икки мамлакат ўртасида илм-фан ва таълим соҳасидаги мустаҳкам ҳамкорликни барча соҳаларда истиқболли йўлга қўйишнинг муҳим воситаси бўлди. Ушбу алоқалардан асосий мақсад аниқ ва табиий фанлар, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, ахборот технологиялар каби бир қатор соҳаларда етук кадрлар тайёрлаш, иккала мамлакат учун муштарак бўлган муаммоларни биргаликда бартараф этиш бўйича тадқиқотлар олиб бориш каби долзарб масалаларни кўзда тутади.
Ирода Бекмуродова,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.