Марказий Осиё яйловларининг долзарб муаммолари ва бартараф этиш йўллари...

- Бугунги кунда Яшил сайёрамизга ва унда ҳаёт кечирувчи дунё аҳолисига қатор глобал муаммолар жиддий хавф солмоқда. Айниқса, иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик ва табиий ресурсларнинг қисқариши, сув ресурсларининг танқислиги, қурғоқчилик, озиқ-овқат хавфсизлиги каби муаммолар XXI асрга келиб глобал даражада шиддатли тус олиб, шундай муаммолар гирдобида қолаётган табиий ресурслардан бири бўлган яйлов экотизимларининг аҳволи кундан кунга ёмонлашиб бормоқда. Яйлов ҳудудлари бутун дунё қуруқлик минтақасининг 1/3 қисмини, Марказий Осиё минтақасинининг 2/3 қисмини, Ўзбекистоннинг эса 50 фоиз майдонини яйловлар эгаллайди. Афсуски, бугун яйловларимиз инсонларнинг нотўғри муносабати натижасида кундан кунга инқирозга учраб, уларнинг табиий ҳолати ачинарли аҳволга келмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, республикамиз яйловларининг 50-60 фоизи бугунги кунга келиб инқирозга учраган ва бу жараён шиддат билан давом этмоқда. Ушбу масаланинг амалий ечими ва илмий асослари ҳали ишлаб чиқилмаган. Агар ушбу муаммоларга барча соҳа вакиллари, бутун жамоатчилик ўз вақтида эътибор бермаса, биз иккинчи Орол денгизи муаммосига дуч келишимиз тайин. Ушбу муаммолар фақатгина замонавий илмий ёндашувлар ва илғор тажрибалар асосида ечим топиши мумкин. Мазкур муҳим масалани дунё илғор тажрибасига асосланган ҳолда чуқур ўрганиш, мавжуд имкониятлардан тўлиқ ва тўғри фойдаланган ҳолда яйловларни сақлаб қолиш ҳамда бу борада жаҳоннинг етакчи мамлакатларида тўпланган бой илмий тажрибани республикамиз миқёсида оммалаштириш мақсадида ўтказилаётган ушбу анжуман ўта долзарб аҳамиятга эга.
Рустам Холмуродов
Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси