Самарқанд давлат университетида ўтказилаётган халқаро конференция синовдан ўтган хориж тажрибаларни жамлаш ва ўзаро алмашиш платформасига айланади...

- Республикамиз майдонининг қарийб 50 фоизи табиий яйловлардан ташкил топган. Кўпчилик назарида мазкур яйлов ҳудудлари жамиятимиз учун аҳамияти паст майдонлар сифатида намоён бўлиши мумкин. Аслида эса, ушбу ҳудудларда истиқомат қилувчи 4 миллиондан ортиқ аҳолининг соғлом турмуш-тарзи ва оилаларнинг фаровонлиги кўп жиҳатдан мазкур яйловлар ва ундаги табиий ресурсларга бевосита боғлиқ. Афсуски, сўнгги йилларга келиб яйловлардан оқилона фойдаланиш, уларни бошқариш ва назорат қилиш тизимининг издан чиқиб кетиши оқибатида қатор муаммолар юзага келмоқда.
Бугун сир эмаски, Ўзбекистондаги яйлов майдонлари инсонларнинг турли хўжалик фаолияти натижасида катта босим остида қолган. Яйлов ҳудудларида тарқалган ўсимликлар қоплами жиддий ўзгаришларга учрамоқда. Миллионлаб гектар яйлов майдонларининг ўсимликлар қоплами сийраклашиб, уларнинг ем-хашак ҳосилдориги бир неча баробарга камайган. Бундай кескин вазиятнинг вужудга келиши, ўз навбатида шу ерда яшовчи аҳолининг бугунги ҳаёти ва келажагига катта хавф туғдирмоқда.
Шу нуқтаи назардан, яйловларнинг ҳозирги кундаги ҳолати асосли равишда соҳа вакилларини, айниқса ушбу ҳудудларда яшовчи маҳаллий аҳолини жиддий ташвишга солмоқда. Содир бўлаётган глобал иқлим ўзгариши шароитида яйловларнинг инқирозга учраш жадаллигининг янада ортиб бориши бу масалага жиддий эътибор қаратилишини тақозо этди.
Яйловларда кузатилаётган муаммолар фақатгина илмий асосланган ишланмалар ва синовдан ўтган тажрибалар асосида ҳал этилиши мумкин. Мен ўйлайманки, бугун Самарқанд давлат университетида ўтказилаётган ушбу халқаро конференция ана шундай илмларни ва синовдан ўтган халқаро тажрибаларни жамлаш ва ўзаро алмашиш платформасига айланади.
Феруз Абилов
Самарқанд вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари