Самарқанд давлат универитети ва Туркиянинг Чанкири Каратэкин университети ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди…

Самарқанд давлат университетига Туркиянинг Чанкири Каратэкин университети ректори, профессор Ҳарун Чифтчи бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Мартабали меҳмонларни СамДУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Ахатов қабул қилди.
Ташрифдан асосий мақсад икки университет ўртасидаги халқаро ҳамкорлик алоқаларини яхшилаш, профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, келишув шартномаларини тузишдир.
Музокаралар давомида делегация вакиллари Самарқанд давлат университети фаолияти, ўқув-лабораториялари, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти бўйича батафсил маълумотга эга бўлди. Қолаверса, Самарқанд давлат университети билан ҳамкорлик қилиши икки университет учун ҳам манфаатли бўлишини алоҳида таъкидлади.
Меҳмонлар СамДУ қошидаги Туркология илмий-тадқиқот институти фаолиятини билан танишди ва унга катта қизиқиш билдирди. Институт фаолияти яхшиланиши учун ҳамкорлик қилишга тайёрлигини ва туркиялик мутахассисларни жалб қилишини билдирди.
- Чанкири Каратэкин университети Туркиянинг энг ёш ва ривожланаётган университетлар сирасига киради. Университетимиз таркибида 10 факультет, 7 касб-ҳунар мактаби, 2 коллеж ва 5 институт мавжуд. Йигирма мингдан зиёд талаба таҳсил олади. Шундан 3.5 мингтаси хорижий талабалардан иборат, - дейди Чанкири Каратэкин университети ректори, профессор Ҳарун Чифтчи. – Бизнинг университетимиз Ўрта Осиё ва туркий халқлар билан алоқаларни ўрнатиш бўйича кенг кўламли ишларни олиб бормоқда. Шунинг учун ҳам Самарқанд давлат университети билан ҳамкорлик қилишни мақсадга мувофиқ деб билдик. Асосан, аниқ ва табиий фанлар, аграр соҳани яхшилаш бўйича музокоралар олиб бормоқчимиз. Бунинг учун ҳамкорликда кўпроқ илмий мақолалар ва лойиҳалар устида ишлашимиз керак…
Делегация раҳбари учрашув давомида аграр соҳа бўйича қўшма магистратура таълимини ташкил этиш, Эрасмус дастури асосида академик алмашинувни йўлга қўйиш бўйича бир қатор таклифларни илгари сурди.
Шунингдек, учрашув сўнгида томонлар ўртасида келишув меморандуми имзоланди…
Беҳруз ШАМСИДДИНОВ
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.