Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси институтида “Конденсирланган моддалар ва муҳандислик физикаси муаммолари” мавзусида республика илмий-амалий конференция бўлиб ўтди...

Анжуманда республиканинг етакчи физик олимлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси институтлари мутахассислари, турли олий ўқув юртлар ва илмий марказлардан 100 дан ортиқ олимлар, СамДУ профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.
Конференция ишида муҳандислик физикасининг долзарб муаммолари, фундаментал ва амалий муҳандислик физикаси ва конденсирланган моддаларнинг замонавий йўналишлари, олий ўқув юртларида физика фанини ўқитиш муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари каби масалалар илмий жамоатчилик нигоҳида муҳокама қилинди.
-Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, илм-фаннинг ривожланишида олий таълим муҳим рол ўйнайди, - дейди Самарқанд давлат университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ҳаким Хушвақтов, - Барча ривожланган давлатларда илм-фан бевосита олий таълим воситасида ривожланади ва ҳаётга татбиқ этилади. Ўтган давр ичида физика илм-фани ва таълимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган бир қатор тизимли ишлар амалга оширилди. Илмий марказларда фаолият юритаётган физик олимларнинг илмий тадқиқот олиб боришлари учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Физика соҳасидаги фундаментал тадқиқотларни молиялаштириш ҳажми бир ярим баробарга оширилиб, илм-фандаги устувор муаммоларни тезкор бартараф этиш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш масаласига ҳукумат даражасида эътибор қаратилмоқда. Самарқанд давлат университетида ҳам физика соҳаси устувор йўналиш сифатида қаралиб, бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Университет қошида ташкил этилган муҳандислик физикаси институтида ҳам бугунги кунда физика соҳасида ечимини топмаган қатор масалалар, соҳада таълим сифати ва илмий тадқиқотлар самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошриш бўйича муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур конференция ҳам, том маънода, физика илм-фанини янги сифат босқичига олиб чиқиш ҳамда бу борада жаҳоннинг етакчи мамлакатларида тўпланган бой тажрибани республикамиз миқёсида оммалаштириш мақсадида амалга оширилган ишларнинг биридир. Ўйлайманки, ушбу конференцияда қабул қилинган қарорлар, берилган таклифлар физика фанининг ривожланишига муносиб хизмат қилади.
Анжуман фаолияти давомида микроелекторика, материалшунослик, қаттиқ жисмлар физикаси, оптика муҳандислик йўналишларида эришилган ютуқлар, олинган илмий натижаларни саноат ва халқ хўжалиги, шу жумладан таълимга татбиқ этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш каби бугуннинг муҳим масалалари юзасидан таклифлар алмашилди. Шундан сўнг конференция “Конденсацияланган муҳитлар физикасининг долзарб муаммолари”, “Муҳандислик физикасининг долзарб муаммолари”, “Олий ўқув юртларида физика фанини ўқитиш муаммолари ва уларни ечиш йўллари” каби шўъбаларга бўлинган ҳолда ўз фаолиятини давом эттирди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.