“Ўзбекистоннинг 17 қиёфаси”

Самарқанд давлат университети география ва экология факультети экология ва ҳаёт фаолияти хавфсизлиги кафедраси доценти биология фанлари номзоди Лейля Белялова номи БМТ томонидан ташкил этилган “Ҳаракатнинг 17 қиёфаси” фотокўргазмасида қайд этилди.
Лейля Белялова Самарқанд давлат университиети география-экология факултетида фаолият юритиш билан бир қаторда Зарафшон давлат қўриқхонаси катта илмий ходими сифатида Ғарбий Тян-Шан тизмасининг орнитологик биохилма-хиллигини сақлаш бўйича бир қатор халқаро лойиҳалар координатори ҳисобланади. “Бутунжаҳон экологик акцияси”, “Sprig aliva”, “World Migratory Day” халқаро дастурлари иштирокчиси. 2017 йилда “Birdlife International” халқаро табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти томонидан “Nature Hero’s” (Табиат қаҳрамони) халқаро мукофоти соҳибаси бўлган. 2018 йилда ББС талқини бўйича дунёнинг энг нуфузли 100 аёлларидан бири. Олиманинг Ўзбекистоннинг тоғ экотизимларини сақлаб қолиш ва қушлар турларини ҳимоя қилиш бўйича тадқиқотлари ҳамда Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи ишчи гуруҳи аъзоси сифатида олиб борган фаолияти жаҳон ҳамжамиятини ҳам бефарқ қолдирмайди. Олиманинг БМТ томонидан ташкил этилган “Ҳаракатнинг 17 қиёфаси” фотокўргазмасига киритилгани бунинг яна бир далилидир.
“Ҳаракатнинг ўн етти қиёфаси” кўргазмаси БМТ томонидан тасдиқланган 2030 йилгача барқарор ривожланишнинг 17 мақсадига нисбатан олинган ҳолда турли соҳаларда фидойи меҳнат қилган фаол 17 нафар аёллар фаолияти акс этган суратлардан иборат. Лойиҳанинг асосий мақсади – аёлларнинг замонавий дунёда тутган ўрни, эркаклар билан тенг ҳуқуқли янги, адолатли, фаровон келажак яратиш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда қай даражада ҳисса қўшаётгани ҳақида жамиятга маълумот беришдир.
-Масъул вакиллар Ўзбекистондан танлаб олинган 17 аёл орасида менинг ҳам борлигимни айтишганида жуда хурсанд бўлдим, - дейди Лейля Белялова, - Аммо бу қандай рўйхат эканлиги, нега айнан 17 киши танлаб олиниши ҳақида маълумотга эга эмасдим. Тошкентда бўлиб ўтган “Ҳаракатнинг 17 қиёфаси” фотокўргазмаси бутун дунё бўйлаб стереотипларни бузишга муваффақ бўлган аёллар портретини жамлаган халқаро лойиҳанинг бир қисми ҳисобланади. Кўргазма БМТнинг Женева бўлими ҳамда Швейцария аёллар ассоциацияси ташаббуси билан ташкил этилган. Маълум бўлишича, БМТнинг барқарор ривожланиш 17 мақсади йўналишларига мос тарзда қашшоқликка қарши кураш, таълим ва меҳнат, атроф-муҳит муҳофазаси, сувни тежаш, инсон ҳуқуқлари, тинч ва осуда ҳаёт асосларини таъминлаш каби йўналишлардан ўн етти нафар аёл танлаб олинган...
БМТ барқарор ривожланиш мақсадларининг ҳар бири бевосита экология соҳаси билан боғлиқ. Шунинг учун танлаб олинган номзодларнинг аксарияти экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида фаолият олиб бораётган хотин-қизлардир.
Кўргазма илк бор Озарбайжонда ташкил қилинган. Ўзбекистон мазкур лойиҳа амалга оширилган иккинчи мамлакат саналади. Ўзбекистоннинг 17 қиёфаси сифатида танлаб олинган ҳар бир аёл эндиликда бевосита БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича 17 элчиси ҳисобланади. Қаҳрамонлар орасида тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, институционал ривожланиш, аёллар ҳуқуқи ҳимояси, иқтисодиёт, спорт ва IT технологиялари соҳасидан вакиллар бор.
Маълумот учун, 2023 йил Женевада дунёнинг турли давлатларидан танлаб олинган БМТ Барқарор ривожланиш элчилари фотосуратларининг якуний йирик фотокўргазмаси бўлиб ўтади.
Ирода Бекмуродова,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.