Жорий йилнинг 14 декабрь куни К.Дусовнинг Телеграм саҳифасида СамДУ сиртқи бўлими талабалари қолдирган мурожаат бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз:

    Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети “Юриспруденция” йўналишининг имтиҳондан йиқилган ва курсдан курсга ўта олмаган талабалари мунтазам равишда университет ходимларини айблаб келмоқда.

    Мурожаатларда асосан имтиҳонга келмаган ва жавоб ёза олмаган айрим талабалар қандай қилиб курсдан ўтганлиги мисол келтирилган. Аммо келтирилган ҳужжатларнинг бирортасида ҳам раҳбар ходим имзоси ёки муҳри мавжуд эмас. Юқоридаги саволга жавоб аниқ: кредит-модуль тизими бўйича фанни қайта ўзлаштириш учун тўловларни амалга оширгач, имтиҳондан қониқарли баҳо олган талабалар кейинги курсга ўтказилган.

    Самарқанд давлат университети сиртқи бўлимида жами 9041 нафар талаба ўқийди. “Юриспруденция” йўналишида таҳсил оладиган 452 нафар талабадан уч маратоба ёзма олинган имтиҳонлар бошқа олий ўқув юртлари томонидан текширилиб, 251 нафарининг ишлари қониқарсиз баҳоланган. Имтиҳондан қониқарсиз баҳо олиб, мурожаат қилган талабаларнинг ишлари апелляция тартибида кўриб чиқилган, уларга фанларни ўзлаштира олмаганлиги учун курсда қолаётгани тушунтириб берилган.

    Хорижий ОТМнинг биринчи босқичида етарли даражада ўқитилмаган талабалар юриспруденция соҳасининг базавий фанларидан хабари йўқлиги сабабли кейинги босқич фанларини ўзлаштира олмаяпти.

    Аслида сиртқи бўлим талабаларининг имтиҳонлари видеокузатув камералари ўрнатилган хоналарда ўтказилади. Талабалар шахси паспорт орқали тасдиқлангач, исми-шарифи қаршисига имзо қўйиб, кейин имтиҳонга киритилади.

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 824-сон қарори, 8-боби, 42-бандида “ОТМ талабаларни курсдан курсга ўтказишда GPA кўрсаткичини мустақил белгилаш ҳуқуқига эгалиги, бунда GPA кўрсаткичи 2,4-3,0 оралиғида бўлиши” тавсия этилган. СамДУда бу 2,6 этиб белгиланган. Бундан паст GPA ўтиш балини тўплаган талаба, билим савияси пастлиги туфайли курсдан курсга ўтказилмайди.

    Ҳурматли ота-оналар, фарзандингиз мунтазам мустақил изланиб  билим олиш ўрнига, ижтимоий тармоқларда университет маъмурияти тўғрисида асоссиз маълумотларни тарқатаётганлиги сабабли келгусида ушбу   талабалар ва уларнинг ота-оналарига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик масаласи кўрилиши мумкинлигидан огоҳлантирамиз.

    Ҳозирда ушбу мурожаат маҳаллий ҳокимлик ва университет маъмурияти томонидан ўрганилаётган бўлиб, бу ҳақда яна ОАВда қўшимча маълумот берилади.

 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати