“ Самарқанд давлат университети талабаларига дарс ўтганимдан сўнг инглиз тилини билиш даражаси сезиларли даражада ўсди...”
Бу - Осиё чет тили ўқитувчилари уюшмаси президенти, Самарқанд давлат университети инглиз тили кафедраси мудири, профессор Равиндер Гаргешнинг фикри...
Самарқанд давлат университетида “Ҳиндистон университетлари ҳафталиги” ўтказилмоқда. Қайд этиш жоизки, СамДУ нинг Ҳиндистон олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари кундан-кунга юксалиб бормоқда. Айни пайтда Самарқанжд давлат университетида Ҳиндистоннинг турли университетларидан ташриф буюрган 4 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритади. Шу кунга қадар Ҳиндистоннинг 10 дан ортиқ университетлари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланган.
Самарқанд давлат университети инглиз тили кафедраси мудири, профессор Равиндер Гаргеш “Ҳиндистон университетлари ҳафталиги” ҳамда ҳинд ва ўзбек халқлари ўртасидаги алоқалар бўйича саволларга жавоб берди.
- Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги алоқаларни қандай баҳолайсиз?
-Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги алоқалар қадим тарихга эга. Ўтмишга назар ташласак, Кушонлар даврида бу ҳудудлар халқлари бир ҳудудга мансуб бўлиб, бир-бирлари билан доимий алоқада бўлиб келган. Икки мамлакат ўртасидаги алоқалар Буюк Ипак йўли вужудга келганидан кейин янада тараққий этди. Бу йўл орқали халқларимиз ўртасида нафақат савдо-иқтисодий ва сиёсий муносабатлар, балки ижтимоий-маданий алоқалар ҳам ривожланган. Ўрта Осиё ўлкалари, хусусан Самарқанд ва Бухоро ҳудудлари Ҳиндистон учун Европага чиқишда кўприк вазифасини бажарган. Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур даври ўзбек ва ҳинд халқлари ўртасида дўстлик алоқалари ва маданият алмашинуви ривожининг олтин даври бўлди. Бу тарихий шахснинг Ҳиндистон билан боғлиқ фаолияти ҳаммага маълум. Менимча, қайта ҳикоя қилиш шарт эмас. Аммо икки халқ дўстлиги ҳақида фикр юритилар экан, Бобур Мирзо номини, албатта, қайд этиш жоиз.
Икки халқ ўртасидаги ўзаро дўстлик алоқалари ҳали-ҳанузгача барқарор. Ҳозирги кунда икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, илм-фан ва технологиялар, тиббиёт ва таълим каби бир қатор соҳалар бўйича ҳамкорлик олиб борилмоқда. Халқларимиз тил ва миллат жиҳатидан бир-биридан фарқ қилса-да, аммо маданиятлари анчайин ўхшаш ва бир-бирига яқин.
-Самарқанд давлат университетининг Ҳиндистон олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ҳақида фикрларингиз...
-Самарқанд давлат университетининг Ҳиндистон олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик муносабатлари йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. Менинг Самарқандга келишим ҳам ушбу ҳамкорликнинг намунасидир.
Самарқандга келган дастлабки вақтларим фаолиятимни университетда оддий ўқитувчиликдан бошлаганман. Самарқанд давлат университети талабаларига дарс ўтганимдан сўнг инглиз тилини билиш даражаси сезиларли даражада ўсди. Шундан сўнг, ўқитувчилик фаолиятимга қизиқувчилар сони ошди. Бу борада СамДУ да фаолият олиб бораётган чет тили ўқитувчилари билан доимий ҳамкорликда ишладик. Айни пайтда Осиёнинг ривожланган давлатлари чет тили ўқитувчиларини бирлаштирган Осиё чет тили ўқитувчилари уюшмаси президенти ҳисобланаман. Эндиликда Ўзбекистонни ҳам ушбу уюшмага расман аъзо қилишга муваффақ бўлдик.
Инглиз тилини ўқитишда халқаро ҳамкорликда ишлаш, хориждан мутахассисларни жалб қилиш муҳим ҳисобланади. Айнан ўз соҳамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, Ҳиндистон университетларида инглиз тилини ўргатиш Осиё мамлакатларида ўқитишдан бироз фарқли. Чунки, ҳиндларнинг норасмий иккинчи тили инглиз тили ҳисобланади ва тилни ўқитишда анчайин кучли ва интенсив усуллардан фойдаланиш талаб этилади. Бунинг натижасида улар эришаётган натижалар ҳам анчайин юқори. СамДУ талабалари орасида кучли билим ва салоҳиятлилари бор. Талабалар орасида инглиз тили кўникмаларини ривожлантириш, уларни хорижий тилни халқаро талабларга мос даражада биладиган даражага олиб чиқиш учун тинимсиз ҳаракатдамиз.
Илмий раҳбарлигимда 12 нафар фан доктори ва профессор етишиб чиққан. Улар ҳозирда дунёнинг нуфузли университетларида фаолият юритмоқда. Самарқанд давлат университетида икки нафар тадқиқотчини тайёрлаяпман. Ҳозирда улар олий таълимда таҳсил олаётган талабалар учун инглиз тилида ўқиш кўникмаларини ривожлантириш ва мутахассислик фанларини инглиз тилида ўқитиш каби мавзулар бўйича тадқиқот олиб бормоқда.
-Самарқанд давлат университетида ўтказилаётган “Ҳиндистон университетлари ҳафталиги” дан кўзланган асосий мақсад нима?
-“Ҳиндистон университетлари ҳафталиги” айни пайтда Ҳиндистонда нишонланаётган “Ҳиндистон Республикаси куни” байрами муносабати билан ўтказилмоқда. Кўзланган асосий мақсад Ҳиндистон ва Ўзбекистоннинг тарихий алоқаларини янада ривожлантириш, Самарқанд давлат университети талабалари учун Ҳиндистоннинг рейтинги юқори университетларида ўқиш имкониятлари бўйича семинар-тренинглар ташкил қилиш, шунингдек, ўзбекистонлик ёшларни Ҳиндистон илм-фанидаги энг сўнгги натижалар, яратилаётган янгиликлардан хабардор қилиш каби вазифалар кўзланган. Ўйлайманки, ҳафталикдан сўнг, ўзбекистонлик талабалар орасида Ҳиндистоннинг нуфузли университетларида ўқиш истагида бўлганлар сони ошади, бундай талабаларга бевосита тадбирларнинг ўзида керакли ёрдам ва тавсиялар бериш учун, биз, ҳиндистонлик профессор-ўқитувчилар ҳам семинар-тренингларда иштирок этдик.
-Талабаларга Ҳиндистонда ўқишини давом эттириши бўйича қандай тавсиялар бера оласиз?
-Талабалар икки хил йўл билан Ҳиндистонда ўқишни давом эттириши мумкин. Биринчиси, тўғридан-тўғри ўзи ўқишни истаган университетга мурожаат қилиш. Бунда таълим харажатларини талабанинг ўзи қоплашига тўғри келади. Иккинчи йўл – Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмий веб-сайти орқали мурожаат қилиш. Бунда агар Ҳиндистон университетларидан бирига ўқишга қабул қилинадиган бўлсангиз, ўқиш ва яшаш харажатлари тўлиқ Ҳиндистон ҳукумати томонидан қоплаб берилади. Бу борада ўзбекистонлик талабалар учун бир қатор стипендия дастурлари ва грантлар эълон қилинган.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода БЕКМУРОДОВА суҳбатлашди.
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.