Самарқанд давлат университетида “ИКАР карвони” китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. “Factor books” нашриёти масъуллари, Самарқанд давлат университети ўқитувчилари ва талабалар иштирокида қизғин ўтган тақдимот адабиёт ихлосмандлари учун ҳақиқий китобхонлик атмосферасини яратди.

    Ўзбек адабиётининг сара намуналари орасидан танлаб олинган 4 китобдан иборат “ИКАР” тўплами Усмон Азим, Эркин Аъзам, Мурод Муҳаммад Дўст ва Хуршид Даврон каби забардаст ёзувчи ва шоирларнинг асарларини ўзида жамлаган. Тақдимотда дастлаб  “Factor books” нашриёти фаолияти, “Икар” лойиҳаси ҳақида қисқа роликлар намойиш этилди ва ушбу тўплам бўйича эълон қилинган танлов ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг китобхон ёшлар ўртасида ўтказилган совринли викториналар қизғин баҳс ва мунозараларга бой бўлди.

 

    Ирода Бекмуродова,
    Самарқанд давлат университети
    Ахборот хизмати ходими.
    Шавкат Акрамов олган суратлар.