“Билим ва тафаккуримиз – шу эл учун, шу юрт учун…”
Самарқанд давлат университетида “Билим ва тафаккуримиз – шу эл учун, шу юрт учун” шиори остидаги Ёшлар фестивали доирасида “Чой фестивали” ва “Битирувчилар оқшоми” ташкил этилди.
Ҳар йили анъанавий равишда ўтказиб келинаётган мазкур фестивалда Самарқанд давлат университети талабалари дунёнинг турли халқлари урф-одатлари, миллий таомлари ва чой намуналари акс эттирилган кўргазмалар билан қатнашдилар.
Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов ҳамда Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Хуршид Очилов “Чой фестивали”да тақдим этилган турли миллатларнинг анъаналари, миллий рақс ва қўшиқлари, шу билан биргаликда чой намуналарини кузатиб чиқиб, баҳо берди.
Таъкидлаш жоизки, ўзбек, рус, украин, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, туркман, ҳинд ва корейс халқлари чой анъаналарига хос ўзгача жиҳатлар акс эттирилган кўргазмалар, том маънода, муайян миллатнинг миллий маданияти, меҳмон кутиш анъаналари, дастурхон безатиш усулларининг ноёб кўзгуси бўлди.
Тадбир давомида “Ёшлар ойлиги” доирасида ўтказилган танловлар ғолиблари ҳамда университетда таълим олиш жараёнида аъло баҳоларга ўқиган, маънавий-маърифий, ўқув ва жамоат ишларида фаол бўлган битирувчи талабалар тақдирланди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.