УНИВЕРСИТЕТНИ БИЛИМЛИ МУТАХАССИС БИТИРСИН
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида фанлардан якуний назоратлар бир неча бор синовдан ўтган адолатли тизим асосида шаффоф тарзда ўтказиб келинмоқда. Университетда ташкил этилган талабаларни билимини баҳолаш маркази томонидан якуний назорaтлар ташкил этилади, якуний назорат ишлари шифрланган ҳолда баҳолаш учун республикадаги 30 дан зиёд олий таълим муассасаларига юборилади. Якуний назорат натижалари талабаларни билимини баҳолаш маркази томонидан HEMIS дастурига жойлаштирилади.
Фандан дарс ўтган профессор-ўқитувчи якуний назоратда ҳеч қандай роль ўйнамайди. Таъкидлаш жоиз, фанларни ўзлаштирган кўп минг сонли талабалар якуний назоратларда ҳеч бир қийинчиликсиз баҳо олмоқда ва мазкур тизимнинг адолатли ҳамда шаффоф эканлигини эътироф этмоқда.
Аммо, якуний назоратдан етарли баҳо олмаган талаба ҳеч қачон ўзини айбламаганидек, олий ўқув юртига зўрға кирган айрим талабалар университетни ёмонотлиқ қилишга уринаётгани ачинарли. Ижтимоий тармоқдаги “Yoshlarni qo'llab-quvvatlash” ниятидаги шахслар эса, ўзлаштира олмаётган талабаларнинг ёнини оладиган чиқишлардан ўзларини тия олмаётганлиги шубҳали кўринади. Сиз жонажон юртимизга дўстмисиз ўзи? Сизнингча, билими йўқ талабага баҳо қўйиб, қўлига дипломини бериб юбораверайликми?
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: бизга билим ва салоҳияти юқори мутахассислар керакми ёки фанларни ўзлаштира олмаса-да, амал-тақал қилиб университетларни тугатаётган битирувчиларми?! Ёшларни қўллаб-қувватловчилар уларга ўқимай дипломга эга бўлиш учун айюҳаннос солиш кераклигидан сабоқ бергандан кўра, яхшироқ билим олишга рағбатлантириши, қолган талабалар фанларни ўзлаштириш эвазига курсдан-курсга ўтаётганлигини дона-дона қилиб тушунтириши керак эмасми?!
Мазкур ҳолатда вазиятни билмасдан туриб, конкрет олий таълим муассасасини имтиҳондан ўта олмаган талабаларнинг тўлови эвазига бойиб кетаётганликда айблаш ноҳақлик ҳисобланади. Бу маблағлар ўша фанлардан қўшимча дарсларни ташкил этишга сарфланаётир.
Самарқанд давлат университетида талабалар билимини баҳолашда коррупцион ҳолатларга бутунлай барҳам берилган. Инсон омили – ўқитувчиларнинг якуний назорат ишларини баҳолашига бутунлай чек қўйилган. Якуний назоратдан ўта олмаган талабалар ва уларнинг тарафдорлари эскича қолипларни тарк этгиси келмайдиган, ижобий янгиликни хоҳламайдиган кимсалардир.
Фанларни ўзлаштира олмайдиган талабалар билимсизлигини тан олиб, ўз аризасига кўра ўқишдан четлаштирилмоқда. Эндиликда ўқишга кирган талабаларнинг охирги курсда қанчаси қолса ҳам майли, етарли билим ва кўникмага эга, етук мутахассис кадрлар битирса бас.
Мақсад-муддаомиз – шу!
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати